Бюджетда тақчиллик
  • 06 Февраль 2014

Бюджетда тақчиллик

Жорий йилнинг январь ойида Ирландия Республикасида бюджет тақчиллиги 1,1 миллиард еврони ташкил қилди.

Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Шунингдек, ўтган ойда бу ерда солиқ тушумлари ҳам 2013 йилдагига нисбатан 17 фоиз камайган.
Мамлакат ҳукумати шу йил охиригача бюджетдаги тақчилликни 4,8 фоизгача тушириш ниятида. Якунланган йилда ушбу кўрсаткич 7 фоизга тенг бўлган эди.

Даромади ортди
2013 йилнинг апрель — декабрь ойларида Япониянинг “Hitachi” компанияси даромади икки баробардан зиёдроқ ошди.
Халқаро ахборот хизматлари хабарларида келтирилишича, ушбу даврда компания кўрган соф фойда ҳажми 152,7 фоиз ўсиб, 127,3 миллиард иена (тахминан 1,26 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил этди. Умумий савдо ҳажми эса 6,77 триллион иенага етди.
“Hitachi” саноат соҳаси ва инфратузилма объектлари учун замонавий технологиялар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратгани туфайли мана шундай натижага эришган.

Экспортга рухсат берилди
АҚШ ҳукумати сўнгги олти йил ичида биринчи марта маҳаллий нефть компанияларига углеводород хом ашёсини Европага экспорт қилишга рухсат берди, дейилади “Reuters” ахборот агентлиги хабарида.
Мамлакат савдо вазирлиги “қора олтин” сотиш бўйича бешта компанияга лицензия берган. Улардан иккитаси Буюк Британияга, иккитаси Италияга, яна бири Германияга маҳсулот етказиш билан шуғулланади.
АҚШда нефтни эркин экспорт қилиш 1975 йилда тақиқланган эди. Ўшандан буён мазкур бизнес билан шуғулланмоқчи бўлганлар, албатта, ҳукуматнинг махсус рухсатини олишлари зарур. Бу тақиқ мамлакат ҳудудида “қора олтин” нархи ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда ички бозорни манипуляциядан сақлаш мақсадида жорий этилган.

Янги раҳбар тайинланди
“Microsoft” компаниясига асли келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган Сатья Наделла
бош директор этиб тайинланди.
46 ёшли мутахассис мазкур муассасада йигирма икки йилдан бери ишлайди. Ўз навбатида, “Microsoft” асосчиси Билл Гейтс компаниянинг директорлар кенгаши раислигидан кетганини билдирди. Энди унинг ўрнини Жон Томпсон эгаллайди. Гейтс эса янги бош директорнинг техник масалалар бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолиятини давом эттиради.
Олдинроқ бу лавозимга “Ericsson” компанияси ижрочи директори Ханс Вестберг, “Nokia”нинг собиқ раҳбари Стивен Илоп ва “Skype”нинг аввалги бошлиғи Тони Бейтс асосий номзод сифатида кўрсатилаётган эди.

Таъминотда узилиш
Бразилиянинг иккита йирик шаҳри — Сан-Паулу ва Рио-де-Жанейронинг уч миллиондан ошиқ аҳолиси электр таъминотидан узилиб қолди.
Бунинг аниқ сабаби маълум эмас. Шундай ҳолат мамлакатнинг жанубий, шимолий ва марказий ҳудудларидаги айрим аҳоли яшаш пунктларида ҳам юз берган.
Кўпинча Бразилияда электр энергиясига бўлган талаб ёз ойларида ортиб, қатор муаммолар вужудга келарди. Чунки бу пайтда гидроэлектростанцияларда сув сатҳи пасайиши оқибатида ишлаб чиқариш ҳажми ҳам тушиб кетади.

Океан бағрида ўн уч ой
Мексикалик балиқчи Хосе Сальвадор Альбаренго Тинч океанида ўн уч ой қолиб кетди.
Унинг сўзларига кўра, ўн беш ёшли шериги билан 2012 йилнинг декабрь ойида акула овлаш учун йўлга чиққан эди. Аммо Мексика қирғоқларидан узоқлашганидан сўнг кеманинг мотори бузилиб қолган. Натижада ортга қайтишнинг иложи бўлмаган. Шу тариқа улар Тинч океанида сузиб юраверишган.
Балиқчилар бу вақт давомида тирик қолиш учун ёмғир сувини ичиб, қуш ва балиқлар билан жон сақлашган. Ёш балиқчи бундай қийинчиликларга дош бера олмай, ҳаётдан кўз юмган. Хосе эса бир неча бор ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Аммо журъати етмаган.
Ва ниҳоят, бу кема Мексикадан ўн минг километр узоқликдаги Маршал оролларида полиция томонидан ушланди. Айни пайтда Хосени ўз юртига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn