Самарадорликни оширмоқчи
  • 22 Август 2014

Самарадорликни оширмоқчи

Германиянинг “Volkswagen” автомобилсозлик компанияси Ҳиндистонда двигатель ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона ташкил этмоқда, дейилади “The Wall Street Journal” нашри хабарида.

У шу йилнинг охирига бориб, тўла қувват билан фаолият кўрсатишни бошлайди. Янги заводда 1,5 литр ҳажмдаги дизель двигателлари тайёрланиб, мазкур мамлакатнинг Чакан шаҳридаги “Volkswagen”нинг бошқа бир корхонасига етказиб берилади. Бу ерда ички бозор учун “Polo”, “Jetta” ва “Vento” русумидаги автоуловлар йиғилмоқда. Немис компанияси бу йўл билан харажатларни қисқартириб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни мақсад қилган. Айни пайтда Чакандаги корхонада йилига 130 минг дона автомобиль тайёрланади. Мотор заводи фаолияти йўлга қўйилиши билан ушбу кўрсаткич 200 мингтага етказилади.

Таклифга муносабат билдирилмади
Мексиканинг “Grupo Angeles” компанияси Португалиянинг “Espirito Santo Saude” компаниясини сотиб олиш юзасидан таклиф билан чиқди.
Харидор унинг ҳар битта акциясини 4,30 евродан баҳолаб, жами 411 миллион евро беришини маълум қилган. “Евроньюс” телеканалида қайд этилишича, ушбу таклиф ҳозирги шароитда “Espirito Santo Saude” учун яхши янгилик бўлди, дейиш мумкин. Чунки айни пайтда компания мураккаб молиявий аҳволни бошдан кечираяпти. Аммо унинг мутасаддилари бу масала бўйича расмий жавоб қайтарганларича йўқ.
“Espirito Santo Saude” Португалиядаги айрим шифохоналар, клиникалар ва қариялар уйларига тиббий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Табиий офат оқибатлари
Япониянинг Хиросима шаҳрида тинимсиз ёққан ёмғир кўчки келтириб чиқарди.
“Франс Пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, офат оқибатида ўн саккиз киши ҳаётдан кўз юмди. Ўн уч нафар одамнинг тақдири эса номаълумлигича қолмоқда. Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этаяпти.

Хакерлар ҳужуми
Почта ва логистика хизмати билан шуғулланувчи жаҳонга машҳур “UPS” компанияси (АҚШ)нинг 51 бўлимига хакерлар томонидан ҳужум уюштирилди.
Кибержиноятчилар 100 мингдан ортиқ пул ўтказмалари ҳақидаги маълумотларга эга бўлишган. Хакерлар жорий йилнинг 20 январидан 11 августигача бўлган муддат мобайнида “UPS” хизматидан фойдаланган мижозларга тегишли электрон манзиллар ҳамда уларнинг банклардаги ҳисоб рақамларини қўлга киритгани тахмин қилинмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn