Натижа кутилганидан юқори
  • 21 Август 2014

Натижа кутилганидан юқори

Уй-жой жиҳозлари ва қурилиш материаллари етказиб бериш билан шуғулланувчи “Home Depot Inc.” савдо дўконлари тармоғи (АҚШ) учун жорий йилнинг иккинчи молиявий чораги муваффақиятли якунланди.

Маълумотларга кўра, ниҳоясига етган мазкур чоракда компания 2,05 миллиард доллар миқдорида соф фойда олишга эришган. Бу борадаги ўсиш суръати 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 14 фоизни ташкил қилган. Умумий кўрилган даромад ҳажми эса 23,8 миллиард долларга тенг бўлди.

Ушбу рақамларнинг барчаси аввалроқ экспертлар томонидан билдирилган тахминлардан юқоридир.

 

Экспортда ўзгариш

Июлда Японияда экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 3,9 фоиз ўсди.

Бу мазкур давлат ташқи савдоси бўйича сўнгги уч ой ичида қайд этилган дастлабки ижобий кўрсаткичдир. Жаҳондаги энг йирик молиявий компаниялардан бири — “HSBC” эксперти Исуми Девалиернинг фикрича, экспортнинг юксалиши иқтисодиёт равнақи учун, албатта, муҳим аҳамиятга эга натижа ҳисобланади. Лекин мазкур ҳолат кейинги чоракларда ҳам сақланиб қоладими ёки йўқми, бу ҳақда бирор гап айтишга ҳали эрта.

Япония марказий банки эса 2015 йилнинг апрель ойидан бошланадиган навбатдаги молиявий йилда барча тармоқлардаги кўрсаткичлар яхши томонга ўзгаришини ва мамлакат иқтисодиёти 1,5 фоиз ўсишини башорат қилмоқда.

 

Вулқон хавфи

Маълумки, 2010 йилда Исландияда йирик вулқоннинг “уйғониши” натижасида бир неча кун давомида Европага ҳаво йўллари орқали қатнов издан чиққан эди.

Ўшанда авиакомпаниялар қисқа муддат ичида 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўрганди. “Евроньюс” телеканали тарқатган хабарга қараганда, айни кунларда ушбу мамлакатда “Бардарбунга” деб номланган бошқа бир вулқоннинг отилиш хавфи юзага келган. У жойлашган ҳудудда 16 августдан буён сейсмик фаоллик кузатилаяпти. Тез-тез қайд этилаётган ер силкинишларининг энг кучлиси 3,8 баллни ташкил қилган. Фавқулодда ҳолат туфайли Исландия жануби-шарқидаги бир қанча автотрасса вақтинча ёпилди. Мавжуд вазият юзасидан маҳаллий авиакомпаниялар ҳам огоҳлантирилди.

 

16 миллион хилда ёзади

2015 йилнинг март ойидан эътиборан “Kickstarter” портали “Scribble” деб номланган антиқа ручка савдосини йўлга қўяди.

Унинг ажабтовурлиги шундаки, ҳар қандай юзага теккизилса, ўша юзанинг рангини хотирасига муҳрлаб олади. Бир сониядан кейин эса сиз худди шу рангда ёзиш имкониятига эга бўласиз. Бунга ручкага ўрнатилган наносканер ва бир неча миникартрижлар ёрдам беради. Айтиш жоизки, “Scribble” хотирасига бир вақтнинг ўзида 100 мингта сканер қилинган ранг сиғади. У 16 миллион хил ранг ҳосил қила олади.

Рассомлар, ҳайкалтарошлар, дизайнерлар, стилистлар ва бошқа яна кўплаб соҳа вакилларига асқатадиган ушбу антиқа ёзиш воситасининг нархи 79 АҚШ доллари этиб белгиланган.

 

Тошқинга сабаб бўлди

Ҳиндистон ва Непалда тинимсиз ёққан ёмғир туфайли сув тошқинлари ҳамда кўчкилар рўй берди, дейилади “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлиги хабарида.

Ҳар икки мамлакатда минглаб одамлар бошпанасидан айрилган. Бир қанча аҳоли пунктлари ташқи дунёдан узилиб қолган. Уларга озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармон етказиш мақсадида вертолётлардан фойдаланилмоқда. Табиий офат Ҳиндистон ҳамда Непалда 160 дан зиёд кишининг умрига зомин бўлган. Икки юзга яқин одам бедарак йўқолган.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn