Нарх-наво маъқул келса...
  • 20 Август 2014

Нарх-наво маъқул келса...

Жорий йилнинг иккинчи чорагида дунё бўйича 301,3 миллион дона смартфон сотилди, дейилади “IDC” таҳлил компанияси маълумотида.

Бу 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 25 фоиз кўпдир. Харидорлар, асосан, “Android” ва “iOS” операцион тизими асосида ишловчи қурилмаларга қизиқиш билдиришган. Жумладан, биргина “Android” туркумидаги смартфонлардан 255,3 миллион дона сотилган. Мутахассисларнинг изоҳлашича, бундай кўрсаткич қайд этилишининг муҳим сабабларидан бири нархларнинг мижозларга маъқул даражада этиб белгилангани билан боғлиқ. Масалан, иккинчи чоракда жаҳон бозорига етказиб берилган “Android” смартфонларининг ярмидан кўпининг баҳоси 200 АҚШ долларидан ошмайди.

Алоқа оламидаги савдолар

Италиянинг “Telecom Italia” телекоммуникация гуруҳи мазкур соҳада фаолият кўрсатувчи “Vivendi SA” (Франция) компаниясининг Бразилиядаги бўлими — “GVT SA”ни сотиб олиш таклифи билан чиқди.

Харидор бунинг учун етти миллиард евро миқдорида маблағ беришини билдирган. Таклифга кўра, “Telecom Italia” “Vivendi SA”га ўзининг 20 фоиз қимматли қоғозларига эгалик қилиш ҳуқуқини бермоқчи. Шунингдек, янги ташкил этиладиган компанияда ҳам француз компаниясининг улуши бўлади ҳамда у Италия ва Франция қўшма корхонаси бўлими сифатида фаолият олиб боради.   

Олдинроқ Испаниянинг “Telefonica” компанияси “GVT SA” учун 6,7 миллиард евро таклиф қилган эди. “Vivendi SA” директорлар кенгаши бу таклифларни навбатдаги йиғилишда кўриб чиқишни мўлжалламоқда.

«Сезгир» соябонлар

Биз ёмғир, қор ва қуёш нурларидан сақланиш учун соябондан фойдаланамиз. Мазкур ҳимоя воситаси айни шу мақсадда яратилган.

Лекин бир гуруҳ мутахассислар ва Копенгаген амалий дизайн институти талабалари ҳамкорликда ихтиро қилган соябон бошқа вазифани ҳам бажаради. “Sensing Umbrella” деб номланувчи ушбу ноодатий ҳимоя воситаси ҳавонинг ифлосланганлик даражасини аниқлашга ёрдам беради. Бунинг учун унга махсус сенсорлар ўрнатилган. Ҳаво таркибига қараб, соябоннинг ранги ўзгаради ва унинг устки қисмида маълумотлар акс этади. Шу йўл орқали нафақат соябон эгаси, балки ён-атрофдагилар ҳам ҳавонинг тоза ёки ифлосланганлиги ҳақида хабардор бўлишади.

Девор ортини кўрсатадиган кўзойнак

Калифорния университети олимлари девор орқасини кўриш имконини берадиган электрон кўзойнак ихтиро қилишди.

Унинг ишлаш механизми радиотўлқинларга асосланган. Яъни кўзойнак девордан ўтиб қайтган тўлқинлар ёрдамида унинг ортидаги манзарани виртуал шаклда дисплейда акс эттиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай қурилмалар яқин вақт ичида қидирув-қутқарув ишларида ва археологияда қўлланила бошлайди. Бундан ташқари, олимлар келгусида ушбу кўзойнакни жонли ҳамда жонсиз объектларни фарқлай олиш хусусияти билан ҳам бойитишмоқчи.

Тўқнашиш эҳтимоли бор

АҚШнинг Теннесси штати университети олимлари 1950DА астероиди Ер учун хавфли бўлиши мумкинлигини маълум қилишди.

Диаметри бир километрдан ошадиган ушбу само жисмининг учиш йўналиши сайёрамизнинг шундоқ ёнгинасидан ўтади. Астероиднинг Ер билан тўқнашиш эҳтимоли 0,3 фоизга тенг бўлиб, бу осмон ўлчовлари бўйича катта масофа ҳисобланади. Айни пайтда у Қуёш тизимига қараб, сониясига 15 километр тезликда учиб келмоқда. Олимларнинг башорат қилишларича, астероид сайёрамизга 2880 йил 16 мартида энг қисқа масофагача яқинлашади. Эҳтимол, ўшанда тўқнашув юз бериши ҳам мумкин.

Бунинг натижасида Ер юзида иқлим кескин ўзгарибгина қолмай, балки ҳаёт бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn