Тошқин келтирган талафот
  • 05 Февраль 2014

Тошқин келтирган талафот

Сўнгги кунларда Италияда кузатилган сурункали ёғингарчилик туфайли келиб чиққан сув тошқинлари, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат иқтисодиётига 15 миллион евро миқдорида зарар етказган.

Табиий офатдан, айниқса, Рим шаҳри ва унинг атрофидаги туманлар жиддий талафот кўрди. Мазкур ҳудудларда транспорт ҳаракати издан чиқди. Поездлар қатнови, аэропортлар фаолиятида узилишлар учраб турибди. Таълим муассасалари эса вақтинча ёпилган.
Метеорологлар кучли ёғингарчилик келтириб чиқарган ҳаво оқими Апеннин яриморолининг жанубий қисми томон ҳаракатланаётганини маълум қилишди.

Яна рентабелликка қайтди
Глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида мураккаб вазиятга тушиб қолган Испаниянинг “Bankia” банки фаолияти жонлана бошлади.
Жумладан, ўтган йилнинг тўртинчи чорагида унинг даромади 7 фоиз ўсди. Умуман, 2013 йилда молия муассасаси 2,4 миллиард евро миқдорида маблағ ишлаб олган. Гарчи бу 2012 йилдаги кўрсаткичдан 20 фоиз кам бўлса-да, “Bankia” маъмурияти яна рентабеллик кузатилганидан мамнун. Чунки Испания ҳукумати агар банк ижобий натижаларга эришса, унинг активларига харидор топилишини билдирган эди.

Бандлик масаласида ижобий ҳолат
Жорий йилнинг январь ойида Германияда ишсизлар сони 28 минг кишига камайди.
Шу тариқа мамлакатда кетма-кет иккинчи ой ижобий ҳолат кузатилди. Гап шундаки, ўтган йилнинг декабрида ҳам бу ерда бир неча минг кишининг бандлиги таъминланганди. Натижада ишсизлик даражаси 6,9 фоиздан 6,8 фоизга пасайиб, охирги 20 йил ичидаги энг яхши кўрсаткич қайд этилганди.
Ҳозир Европа Иттифоқида ўртача ишсизлик даражаси 12 фоизга тенг.

Саноатда жонланиш
2014 йилнинг январь ойида Греция саноати бир қатор ижобий кўрсаткичларга эришди.
“Евроньюс” телеканали хабарига қараганда, бундай ҳолат сўнгги беш йил ичида биринчи бор кузатилмоқда. Греция иқтисодиётининг 10 фоизи саноат улушига тўғри келади.
Экспертлар фикрича, евроҳудуд иқтисодиётида секин-аста намоён бўлаётган жонланиш мана шундай ижобий ўзгаришларда ўз ифодасини топаяпти.

Ҳайдовчининг хатоси
Ҳиндистонда автобус юк машинасига тўқнашиб, қияликка ағанаб кетган.
Халқаро ахборот хизматларининг хабар беришича, бунинг оқибатида ўн киши ҳаётдан кўз юмган, ўттиз беш киши жароҳатланган. Жабрланганларнинг аксарияти оғир аҳволда.
Фожиа юк машинаси ҳайдовчисининг хатоси сабабли юз берганлиги айтилмоқда. Яъни унинг бошқарувидаги транспорт воситаси автобус орқасига келиб урилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёшаришни хоҳлайсизми? Бюджетда тақчиллик »