БМТ Конвенцияси сув ресурсларидан ўзаро аҳилликда ва адолатли фойдаланишга кўмаклашади
  • 19 Август 2014

БМТ Конвенцияси сув ресурсларидан ўзаро аҳилликда ва адолатли фойдаланишга кўмаклашади

1997 йили дунёнинг юздан зиёд мамлакати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясини қабул қилиш учун бирлашган эди. Ушбу ҳужжат мослашувчан ва кенг қамровли глобал ҳуқуқий асос бўлиб, у давлатлар ўртасида бир очиқ сув оқимининг тақсимланишида ундан фойдаланиш, бошқариш ҳамда муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликнинг асосий меъёрлари ва қоидаларини белгилаб беради.

Конвенциянинг 36-моддасига кўра, у 35-иштирокчи давлат томонидан имзолангандан сўнг 90 кунлик муддат ичида кучга киради. Жорий йил 19 май куни Вьетнам ана шундай давлат бўлди. Шунга кўра, 2014 йилнинг 17 августдан эътиборан мазкур Конвенция кучга кирди.

БМТ Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясининг кучга кириши трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ҳамда меъёрлари асосида фойдаланиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг нуқтаи назари асосли ҳамда тўғри эканлигини тасдиқлайди. Ўзбекистон трансчегаравий очиқ сув оқимларидан оқилона фойдаланиш масалаларини тартибга солувчи икки универсал халқаро ҳуқуқий ҳужжат — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодий комиссиясининг Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича Конвенцияси (1992 йил, Хельсинки шаҳри) ҳамда БМТнинг Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясига (1997 йил 21 май, Нью-Йорк шаҳри) қўшилган минтақамиздаги ягона давлат ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенцияси энг муҳим универсал халқаро ҳуқуқий ҳужжат     ҳисобланади.

Унда давлатларнинг умумий очиқ сув оқимларига нисбатан муносабатини белгилаб берадиган “адолатли ва оқилона фойдаланиш”, “жиддий зарар етказмаслик мажбурияти”, “ҳамкорлик қилиш мажбурияти” ҳамда “экотизимлар муҳофаза этилиши ва улар ифлосланишининг олдини олиш” сингари асосий тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилган.

Кўплаб нуфузли халқаро мутахассисларнинг фикрича, мазкур Конвенциянинг кучга кириши ўз вақтида рўй берган воқеадир. Сайёрамизда 145 та мамлакатни қамраб оладиган 270 дан ортиқ халқаро дарёбўйи ҳудудлар мавжуд. Уларда сайёрамиз аҳолисининг 40 фоизга яқини истиқомат қилади. Дунё чучук сув захирасининг 60 фоизга яқини уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Умумжаҳон миқёсида ўсиб бораётган сув ресурслари тақчиллиги шароитида улардан биргаликда фойдаланиш давлатлараро қарама-қаршиликлар манбаига айланиши мумкин. Сув устидан назорат учун рақобат иқлимнинг салбий ўзгариши таъсирида ҳам кучайиб, кўплаб минтақаларда сиёсий кескинликка олиб келмоқда, шунингдек, сайёрамиз экотизимига салбий таъсир кўрсатаётир.

— БМТ Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясининг кучга кириши сув ресурсларидан тинч йўл билан халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида фойдаланиш бўйича давлатлараро келишмовчиликларни ҳал этиш йўлида муҳим қадам бўлади, — дейди халқаро сув ҳуқуқи бўйича нуфузли эксперт ҳамда юқорида қайд этилган Конвенция ҳаммуаллифларидан бири Стифен Маккафри. — Бу янгилик трансчегаравий ҳавзаларда жойлашган мамлакатларнинг баҳсларни ҳамкорликнинг институционал-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш йўли билан ҳал қилиш томон ҳаракатларини рағбатлантиради.

Британиялик профессор Алистар Рью-Кларке унинг фикрига қўшилади:

— Шубҳасиз, Конвенциянинг кучга кириши халқаро сув ҳуқуқининг янада мустаҳкамланишида муҳим воқеа ҳисобланади, — дейди у.

Профессорнинг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда халқаро сув ҳавзаларининг 60 фоиздан ортиғи сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича тегишли халқаро-ҳуқуқий механизмлар билан тартибга солинмайди. Бу соҳадаги кўпгина давлатлараро битимлар табиий офатлар билан курашиш, ахборот алмашинуви, маслаҳатлашув ҳамда музокаралар ўтказиш, баҳсларни ҳал этиш механизмлари ва бошқа муҳим масалаларни қамраб олмайди.

— Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенция ушбу бўшлиқларни тўлдириш ҳамда мавжуд шартномаларнинг камчиликларини бартараф қилишга қаратилгандир. У чучук сув захираларининг камайиши, демографик ўсиш, иқлим ўзгариши, экотизимлар деградацияси ва бошқа таҳдидлар шароитида тобора ортиб бораётган босим остида бўлган кўп сонли трансчегаравий дарёларнинг ресурсларини тартибга солиш учун юридик механизмни тақдим этади, — дейди эксперт.

— Амал қилувчи глобал халқаро-ҳуқуқий механизм мавжудлиги сувга нисбатан оқилона ёндашувнинг тасдиқланишига хизмат қилади, унга мувофиқ, “Сув — умумий бойлик ва инсоннинг асосий ҳуқуқидир”, — дея фикр билдиради халқаро сув масалалари бўйича эксперт, профессор Кишор Упрети.

Мутахассислар Конвенция Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларини ҳал этишда ҳам муҳим ўрин тутиши мумкинлиги юзасидан комил ишонч билдиришмоқда. Жумладан, ЮНЕСКО ҳузуридаги Сув ҳуқуқи, сиёсати ва илм-фани маркази (Нидерландия) томонидан Данди университети (Шотландия) ва “Ёввойи табиат жамғармаси” ноҳукумат ташкилоти (WWF) билан ҳамкорликда тайёрланган ҳисоботда келтирилишича, Орол денгизи ҳавзасининг барча давлатлари БМТнинг Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясига қўшилишдан наф олишлари мумкин.

— Минтақа барча мамлакатларининг қўшилиши трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаб, умумий сувлардан оқилона фойдаланишнинг самарали тизими яратилишига кўмаклашади, — деб ҳисоблайди тадқиқот ҳисоботи муаллифларидан бири, Марказий Осиё сув хўжалиги давлатлараро мувофиқлаштириш комиссияси директори ўринбосари, ҳуқуқ фанлари доктори Динара Зиганшина.

Экспертнинг қайд этишича, Конвенция қоидаларининг Марказий Осиёда татбиқ қилиниши яхши истиқболга эга. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодий комиссиясининг 1992 йилдаги Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича Конвенцияси иштирокчилари саналадиган Қозоғистон ва Туркманистон келажакда Ўзбекистондан ўрнак олганлари ҳолда, БМТнинг Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясига қўшилишлари мумкин.

— Конвенциянинг мулоқот ва ҳамкорлик, ахборот алмашинуви, баҳсларни тинч йўл билан ҳал этиш воситасида умумий сув ресурсларидан оқилона ҳамда адолатли фойдаланиш механизмларини яратишни назарда тутувчи қоида ва процедуралари минтақанинг тобора кескин тус олаётган сув муаммоларини конструктив тарзда ечиш учун қулай имконият яратади. Халқаро ҳамжамият Марказий Осиё давлатлари, айниқса, трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида жойлашган мамлакатлар орасида Конвенция қоидаларини кенг тушунтиришга қаратилган анча фаол саъй-ҳаракатларни амалга ошириши мақсадга мувофиқ бўлади. Ушбу мамлакатларнинг нуқтаи назари ва келтирадиган далилларининг таҳлили уларда БМТнинг Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенциясида мустаҳкамлаб қўйилган меъёр ва тамойилларни тўғри тушуниш мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда. Мазкур ҳужжат қоидалари фақат алоҳида томонларни эмас, балки юқори оқим ва қуйи оқим давлатларининг манфаатларини баравар даражада акс эттиради, — дея хулоса қилади Динара Зиганшина.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, Марказий Осиё барча мамлакатларининг ушбу Конвенцияни қўллаб-қувватлаши муҳимлиги аёндир. Зеро, мазкур холис ва бетараф ҳуқуқий механизмнинг амалиётда кенг қўлланилиши минтақада юзага келаётган баҳсли масалаларнинг адолатли ҳал қилинишига кўмаклашади.

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn