Ли Ихай: «Ўзбекистоннинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги муваффақиятлари алоҳида эътиборга сазовор»
  • 18 Август 2014

Ли Ихай: «Ўзбекистоннинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги муваффақиятлари алоҳида эътиборга сазовор»

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан хорижий мамлакатлар илмий-экспертлари доиралари вакилларидан қутловлар келиши давом этмоқда. Жумладан, халқимизни тобора яқинлашиб келаётган қутлуғ айём билан қутлар экан, Шанхай Ижтимоий фанлар академиясининг Халқаро ҳамкорлик департаменти директори, профессор Ли Ихай ўзининг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини баён этган:

— Яқинда академиямиз делегацияси таркибида  гўзал ва бетакрор мамлакатингизга боришга муяссар бўлдим. Ушбу сафар хотирамда ўчмас таассурот қолдирди. Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан буён Президент Ислом Каримов томонидан эълон қилинган беш тамойилга қатъий амал қилиб келмоқда. Ўзбекистон жаҳон экспертлари доирасида “ўзбек модели” сифатида машҳур бўлган бу тараққиёт йўлидан илдам одимлаб бораётгани ҳолда, каттадан-катта зафарларни қўлга киритди. Биз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий жабҳаларни босқичма-босқич ислоҳ қилиш ва барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистон келажакда бундан-да улкан муваффақиятларга эришади, деб ҳисоблаймиз.

Ҳар йилнинг муайян ижтимоий йўналишга бағишланиши Ўзбекистонда яхши анъанага айланган. Жорий йилда мамлакатда “Соғлом бола йили” Давлат дастури амалга оширилмоқда. Бизнинг фикримизча, ижтимоий ва  иқтисодий  жиҳатдан уйғун бўлган ана шундай тараққиёт мамлакатнинг умумий ривожига ва муҳим стратегик ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилади.

Ҳар бир йил ижтимоий тараққиётнинг муайян қиррасига йўналтирилиши анъанаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолининг кучли ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш тамойилининг амалдаги ижросига алоҳида эътибор қаратилишидан далолат берадики, бу чуқур ҳурматга лойиқдир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурининг ижроси ёш авлоднинг жисмонан ва маънан баркамол бўлиб вояга етишига, уларнинг давлат томонидан  қўллаб-қувватланиши эса мамлакат ва жамиятнинг янада тараққий этиши учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади. 

Ўзбекистоннинг кўп сонли жамоаси Цзянсу провинциясидаги Нанкин шаҳрида бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпиада ўйинларида иштирок этади. Улар муносиб совринларни эгаллашига биз шубҳа қилмаймиз. Чунки ўзбек спорт усталари халқаро майдонда улкан зафарларни қўлга киритиб келаётганидан хабардормиз. 

Ўзбекистоннинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги муваффақиятлари алоҳида эътиборга сазовор. Мамлакатнинг бу жабҳада тўплаган бой тажрибаси, тиббиёт соҳаси олимларининг илмий ишланмалари дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Ўзбекистон ижтимоий соғломликнинг тараққиётига устувор вазифа сифатида қарамоқдаки, бу нафақат барқарор ривожланишни таъминлашга, балки ислоҳотлар жараёнида халқнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилади.   

Кўпгина таниқли халқаро экспертларнинг эътироф этишича, миллатлараро осойишталикни сақлаш, миллат, элат ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган энг муҳим ютуқларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, республикада халқлар ҳамда миллатлараро тотувлик ва ўзаро уйғунлик муҳити ҳукмронлик қилаётгани менда катта таассурот қолдирди. Мамлакат мустақилликка эришганидан сўнг иқтисодиётни ривожлантириш, шу асосда аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан зафарлар қўлга киритилди. Республикада истиқомат қилаётган турли миллат ва динга мансуб барча фуқаро ўзаро тинчлик ҳамда осойишталикда яшаётгани ҳолда, тараққиёт натижаларидан баробар баҳраманд бўлмоқда.

Жорий йилнинг июлида Шанхай Ижтимоий фанлар академиясида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим механизми” мавзуига бағишланган илмий-амалий давра суҳбати зўр муваффақият билан ўтди. Тадбир чоғида биз Ўзбекистоннинг маҳалла институти мисолида кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдаги ноёб тажрибаси билан яқиндан танишдик. 

Умуман олганда, биз мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболларини юқори баҳолаймиз. ХХР ҳукумати минтақавий аҳамиятга молик муаммоларнинг долзарб масалалари бўйича Ўзбекистон нуқтаи назари билан бирдам эканлигини ва уни қўллаб-қувватлашини бир неча маротаба маълум қилганки, Ўзбекистоннинг бу борадаги сиёсати, энг аввало, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлашга қаратилгандир. 

Тинчликсиз барқарор тараққиёт муҳити бўлмайди. Хитой очиқлик ислоҳотларини амалга ошириш чоғида бунга тўла амин бўлган. Шу боис биз минтақадаги тинчликка рахна соладиган ва тартибсизликка олиб келадиган, инсонлар ҳаёти ва мулкига таҳдид бўлмиш терроризмнинг турли кўринишларига, экстремизм ва сепаратизм сингари балоларга қаршимиз. Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув жараёнида  барча мамлакат ҳукумати ва халқи бир-бирини ҳурмат қилмоғи ва биргаликда ривожланишлари, шу жумладан, сув ресурсларидан фойдаланиш, транспорт қатнови ва логистика марказларини ишлаб чиқиш масалаларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари лозим.

Мамлакатларимиз ўртасидаги бугунги алоқалар юқори даражада, икки халқнинг дўстона ришталари тобора мустаҳкамланмоқда, иқтисодиёт, таълим, сайёҳлик, маданият соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик изчил суръатлар билан ўсиб бормоқда. Буюк Ипак йўли Хитой ва Ўзбекистоннинг кўҳна цивилизацияларини чамбарчас боғлайди, бугун турли соҳалардаги ҳамкорлик учун имкониятлар мавжуд. Шубҳа йўқки, мамлакатларимиз ўртасидаги бир-бирини тўлдириб борадиган ўзаро ҳамкорлик ва маданий алмашувлар давом этаверади.

 

«Жаҳон» АА.

Шанхай

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn