Кўрсаткичлар пасайди
  • 15 Август 2014

Кўрсаткичлар пасайди

Жорий йилнинг июнь ойида евроҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми майдагига нисбатан 0,3 фоиз пасайган.
Бу ҳақда Европа Иттифоқи статистика бошқармаси — “Eurostat” маълум қилди. Энг жиддий салбий кўрсаткич Ирландияда (-16,5 фоиз) қайд этилди. Мальта ва Францияда эса мос равишда 5,2 ҳамда 1,4 фоизлик ўсишга эришилди. Қисқаси, ҳар бир мамлакатда кузатилган турлича ҳолат умумий натижанинг тушишига сабаб бўлди.

Ваҳолонки, аввалроқ, таҳлилчилар июнда ягона валюта бирлигига аъзо давлатларда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 0,4 фоиз ошади, деган тахминни илгари суришган эди.

Ёмғир тошқинга сабаб бўлди
АҚШнинг бир қатор штатларида тинимсиз ёққан ёмғир туфайли тошқинлар келиб чиқди.
Хусусан, Небрасканинг баъзи ҳудудларида сувнинг баландлиги бир метрдан ҳам ошган. Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида эса аҳолини эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ўнлаб тураржой биноларига жиддий зарар етган. Электр таъминоти узилиб қолган. Поездлар қатнови вақтинча тўхтатилган. Кўчаларда автомобиллар ҳам деярли ҳаракатланмаяпти. Ноқулай об-ҳаво шароити оқибатида йўлларда қолиб кетган ҳайдовчиларга қутқарувчилар ёрдам кўрсатмоқда. 
Қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Таркиби текширилди
Америка кимёгарлар жамиятининг конференциясида Бразилия қаҳваси таркибида кўплаб кутилмаган компонентлар учраши ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, ўтказилган тадқиқотларда унинг таркибида буғдой, соя ўсимлиги дони, маккажўхори, жавдар, арпа, крахмал сиропи каби қатор қўшимчалар борлиги аниқланган. Мутахассисларнинг фикрича, бу ингредиентлар инсон саломатлиги учун зарарли бўлмаса-да, қаҳва таъмини бузади. Қолаверса, кофени қовуриш жараёнида дарахт қипиғи, унинг дони қолдиғи ҳам атайлаб аралаштирилади. Ишлаб чиқарувчиларнинг бундай қаллобликка қўл уриши қаҳва етиштириладиган далаларда ҳосил чўғи камайиб кетаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни улар маҳсулот ўрнини тўлдиришда қисман бошқа компонентлардан ҳам фойдаланишади.
Бу йил Бразилияда 45 миллион қоп қаҳва териб олиниши кутилмоқда. Бир йил олдин мазкур кўрсаткич 55 миллионтани ташкил этган эди.

Учадиган карнай
“OM Audio” компанияси мусиқа ихлосмандлари учун ноодатий симсиз карнай (колонка) яратди.
Уни “Bluetooth” тизимига эга ҳар қандай электрон жиҳозга улаш мумкин. Ишлаш механизми эса қуйидагича: мусиқа янграган вақтда махсус мослама магнит майдони ҳосил қилади ва натижада унинг устига жойлаштирилган шар шаклидаги карнай қисман ҳавога кўтарилади. Шу ҳолатда айланиб, жаранг сочади. Буни томоша қилишнинг ўзи кишига алоҳида завқ бағишлайди. Унинг аудиотизими қуввати 3 Втга тенг бўлиб, товуш баландлиги 110 дБгача етади. “OM/One” дея номланган ушбу карнайни бир марта қувватлантириш эвазига ўн беш соат давомида тўхтовсиз мусиқа тинглаш мумкин. Бундан ташқари, ундан микрофон сифатида ҳам фойдаланса бўлади.
“OM/One” шу йилнинг декабрь ойидан сотувга чиқарилади.

Ортиқча тишдан қутулди
Саудия Арабистонида 22 ёшлик эркакнинг бурни ичидан ўсиб чиққан тиш жарроҳлик йўли билан олиб ташланди.
Маълум қилинишича, бемор кейинги уч йил давомида танасининг ушбу аъзосидан тез-тез қон кетишидан азият чеккан. Ниҳоят у шифокорларга мурожаат қилган. Рентген текширувларидан сўнг, оғриқ келтириб чиқараётган сабаб аниқланган. Операция икки соат давом этган ва бемор ортиқча тишдан қутулган.
Ушбу жараён ҳақида “American Journal of Medical Case Reports” журналида чоп этилган мақолада батафсил ҳикоя қилинган.

Қўниш вақтидаги кўнгилсизлик
Испаниянинг “Vueling Airlines” авиакомпаниясига тегишли “А319” русумли йўловчи самолёти Флоренция (Италия) шаҳридаги халқаро аэропортга қўнаётган вақтда ёниб кетди.
Ҳаво кемаси “Париж — Флоренция” йўналиши бўйича парвозни амалга оширганди. Ёнғин юз берган вақтда самолётда 121 нафар йўловчи бўлган. Тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида улардан ҳеч бирига зиён етмаган. Ўт ўчириш гуруҳи вакиллари зудлик билан оловни сўндиришган.
Ёнғин лайнер ерга қўнган пайтда келиб чиққани айтилмоқда. Лекин бунинг сабаби аниқ эмас.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn