Ольга Павук: «Ўзбекистон ва Латвия ўртасида иқтисодий муносабатлар мустаҳкамланмоқда»
  • 14 Август 2014

Ольга Павук: «Ўзбекистон ва Латвия ўртасида иқтисодий муносабатлар мустаҳкамланмоқда»

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан хорижий мамлакатлар илмий-экспертлар доиралари вакилларидан қутловлар келиши давом этмоқда. Жумладан, Латвияда инглиз тилида нашр этиладиган “The Baltic Course” журналининг ношири ва бош муҳаррири, иқтисод фанлари доктори, Балтия халқаро академияси профессори Ольга Павук “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида мамлакатимизнинг истиқлол йилларида эришган натижалари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

— “Соғлом бола йили” Давлат дастури “Баркамол авлод йили” Давлат дастурининг мантиқий давомидир, — деди у. — Иккинчи дастур доирасида мактаб ва касбий таълим соҳасини ривожлантиришга давлат бюджетининг 50 фоизига тенг миқдордаги маблағ йўналтирилган эди.

Ўз-ўзидан аёнки, болалар нафақат энг замонавий мактаб, коллеж ва лицейларда таҳсил олишлари, шу билан бирга, соғлом бўлишлари ҳам лозим. Шу ўринда мамлакатингизда бўлган чоғимда Самарқандда жойлашган, энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган клиникаларда бўлганимни маълум қилишни истар эдим. Мазкур клиникаларда фидойи шифокор ва тиббий ходимлар хизмат қилишаётганини кўрдим. Ўйлайманки, мамлакатингиз раҳбариятининг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари аҳоли саломатлигига қаратилган юксак эътиборидан далолат беради. Бундай шифо муассасаларининг сони тобора ортиб бораётгани, шубҳасиз, қувонарли ҳолдир.

Республикангиз халқ анъаналари, урф-одат ва миллий маданиятини сақлаб қолган ҳолда замонавий давлат қуришга муваффақ бўлди. Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўлини қайта тиклашдаги иштирокини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

Ўзбекистонда бир мактабнинг ўзида  ўзбек ва рус тилида ўқувчиларга сабоқ бериладиган синфлар мавжудлиги ҳам эътиборга сазовор. Ота-оналар, миллатидан қатъи назар, ўз хоҳишларига кўра, фарзандларини ўзбек ёки рус синфларига жойлаштиришлари мумкин. Болалар эса, ўз навбатида, ҳар куни турли маданият ва анъаналар билан таништирилади ва бу орқали уларда XXI аср учун хос бўлган глобал дунёқараш шакллантирилади. 

Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги муносабатлар ҳар доим дўстона бўлган. Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда. Лиепае шаҳрида логистика маркази очилмоқда, у орқали Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар Болтиқбўйи мамлакатлари ва Шимолий Европага етказиб берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Рига шаҳрида Ўзбекистон савдо уйининг очилиши ҳам муҳим воқеа бўлди.

Ўз навбатида, Латвия ҳам Буюк Ипак йўлининг қайта тикланишида иштирок этишни режалаштирмоқдаки, бу мамлакат транспорт тармоғини ва умуман, иқтисодиётни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини давлат мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан табриклашни истар эдим. Меҳмондўст ва баракали заминда истиқомат қиладиган халқнинг фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадга эришиш йўлида Ўзбекистон раҳбариятига улкан зафарлар тилайман.

 

«Жаҳон» АА.

Рига

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn