«Le Figaro» газетаси Амир Темур ҳақида
  • 13 Август 2014

«Le Figaro» газетаси Амир Темур ҳақида

Яқинда Францияда нашр этиладиган “Le Figaro” кундалик газетасида “Жаҳон тарихидаги буюк саркардалар. Амир Темур” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Тарихшунос олим Арно Блин қаламига мансуб мазкур мақолада давлатчилик қурилиши, илм-фан, маърифат ва маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган машҳур саркарда ҳамда давлат арбоби ҳақида ҳикоя қилинади. Унда муаллиф бобокалонимиз Амир Темурга Осиё ва Европа ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори, моҳир дипломат, дея таъриф беради.

Ҳукмдорнинг ҳарбий юришлари хусусида қалам юритар экан, Амир Темур жаҳон тарихидаги жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллаган буюк ва моҳир саркардалардан бири, у ташкил этган қўшин эса замонларнинг энг яхшиларидан бўлганини қайд этади. 

“Буюк Самарқанд шаҳрида у ўз даврининг машҳур усталари —  рассомлар, меъморлар, олимлар, муҳандислар, шоирлар ва бошқа соҳалар арбобларини ҳамда ҳунармандларни жамлади, уларга ҳомийлик қилди”, деб ёзади муаллиф. Ёшлигиданоқ Амир Темур тенгдошлари орасида ўзининг теран фикрлаши, етакчилик сифатлари, узоқни кўра оладиган сезгирлиги ва ҳарбий соҳани яхши тушуниши билан ажралиб турган. У ҳамма учун севимли ва ҳурматли лашкарбоши бўлган. Яқинлари ва атрофидаги сафдошлари унга чексиз содиқ бўлишган, қўшин моҳир саркарданинг кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилган. Шахмат ўйинининг моҳир устаси бўлган Амир Темур ҳарбий юришлари чоғида вазиятни тўлақонли ва аниқ идрок эта олиш, мураккаб вазиятларда эса тўғри қарорлар қабул қилиш қобилиятига эга бўлган. 

 Буюк ҳукмдор Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги мактуб алмашувлари ҳақида тўхталар экан, муаллиф мазкур тарихий далилларга асосланган ҳолда Амир Темур Европа билан эркин савдо-сотиқнинг тарафдори бўлганини таъкидлайди.

Мақола интиҳосида Амир Темур ва Темурийлар сулоласи, хусусан, ўрта асрларда яшаб ижод қилган буюк астроном Мирзо Улуғбек қолдирган бой мероснинг аҳамияти юқори баҳоланар экан, “Le Figaro”да бу даврга “Мовароуннаҳр тарихининг олтин даври”, дея  таъриф берилади.

 

«Жаҳон» АА.

Париж

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn