«Ўзбекистон европалик сайёҳлар учун истиқболли йўналиш ҳисобланади»
  • 06 Август 2014

«Ўзбекистон европалик сайёҳлар учун истиқболли йўналиш ҳисобланади»

Яқинда Амстердамдаги “Geelvinck — Hinlopen Huis” уй-музейида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбир мамлакатимизнинг Бельгиядаги дипломатия ваколатхонаси ҳамда Амстердамнинг “De Industrieele Groote Club” саноат клуби билан ўзаро  ҳамкорликда ташкил этилди.

Нидерландиянинг мазкур клуб аъзолари ҳисобланадиган қатор  компаниялари вакиллари Ўзбекистонда сайёҳлик тараққиётининг асосий йўналишлари, ўзбек халқининг бой маданий-тарихий ва илмий мероси билан танишиш мақсадида  муҳташам уй-музейда ҳозир бўлдилар. 

Тадбирда Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент ва бошқа кўҳна шаҳарларимизнинг тарихий-меъморий ёдгорликлари, ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, ал-Бухорий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек сингари дунё цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар мероси йилдан-йилга бутун дунёдан, шу жумладан, Нидерландиядан ҳам кўплаб сайёҳларни ўзига жалб қилаётгани қайд этилди.  

Маросим чоғида тарихий шаҳарларимиз бўйлаб анъанавий саёҳатлар билан биргаликда, сайёҳликнинг экологик, тиббий саёҳат, альпинизм ва агротуризм каби янги йўналишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам маросим қатнашчилари эътиборига ҳавола қилинди. 

Нидерландия компанияларининг вакиллари Ўзбекистон Шарқ ва ўарбни боғлаб турган Буюк Ипак йўлининг ҳақли равишда маркази эканлигини, шунингдек, мана шундай жиҳатлари билан мамлакатимиз борган сари нидерландияликларда катта қизиқиш уйғотаётганлигини билдиришди. 

Республиканинг халқаро сайёҳлик майдонидаги обрў-эътибори ҳақида тўхталар экан, нидерландиялик мутахассислар эришилган ютуқларни намойиш этиш ва янги сайёҳлик йўналишларини йўлга қўйиш, шунингдек, мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш ҳамда ўзаро алоқаларни бундан-да такомиллаштиришга хизмат қилаётган анъанавий “Ипак йўли бўйлаб саёҳат” Тошкент халқаро сайёҳлик кўргазмасининг аҳамиятига юқори баҳо бердилар. Улар бўлиб ўтган тақдимот ўзбек халқининг тарихи, маданияти ва анъаналари, унинг ноёб меъморий ёдгорликлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йиллари давомида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жабҳаларда эришган ютуқлари билан яқиндан танишиш имконини берганини алоҳида таъкидлашди.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири тадбирнинг айрим қатнашчилари билан суҳбатда бўлди.

Иоан БАЙСМЕН,“Geelvinck-Hinlopen Huis” музейининг директори:

— Аъло даражада ташкил этилган тақдимот чоғида мамлакатингизнинг нафақат сайёҳлик соҳасидаги салоҳияти, балки унинг замонавий тараққиёти, мустақиллик йилларида эришган ютуқлари ҳақидаги зарур маълумотлар билан ҳам танишиш имконига эга бўлдик.  

Ўзбек замини асрлар давомида ўзига хос маданият ўчоғи,  дунё илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб Шарқ мутафаккирларининг ватани  ҳисобланади. Ўйлайманки, бугунгидек мазмундор тадбирлар Ўзбекистонга борадиган нидерландиялик сайёҳлар сонининг ошишига хизмат қилади.

Бен ХУС, “Sertall B.V.” компаниясининг бошқарувчи директори:

— Мамлакатингиз ўзининг бетакрор меъморий обидалари, бой маданияти ва тарихи билан европалик сайёҳлар учун истиқболли йўналиш ҳисобланади. Биз Нидерландия жамоатчилигида мамлакатингизга бўлган самимий қизиқишнинг тобора ортиб бораётганини кузатмоқдамиз. 

Шуниси ҳам қувонарлики, республика ҳукумати сайёҳлик соҳасининг ривожига алоҳида эътибор қаратмоқда. Истиқлол йилларида шинам меҳмонхоналар барпо қилинди, кўплаб маданий-тарихий обидалар қайта тикланди, сайёҳларга хизмат кўрсатиш юқори даражани касб этди, меҳмонхона ва транспорт инфратузилмаси борган сари ривож топмоқда.

Компаниямиз автобус ва бошқа автотранспорт воситаларини совитиш ускуналари билан жиҳозлашга ихтисослаштирилган. Бугунги кунда етакчи сайёҳлик компаниялари саёҳатчиларга хизмат кўрсатишда баҳор-ёз мавсумига мос кондиционерлар билан жиҳозланган автобус ҳамда микроавтобусларни жалб қилишаётгани барчага маълум. Мамлакатингизда автомобиль саноати изчил ривожланиб бораётганини инобатга олган ҳолда, компаниямиз ўзбек шериклар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлашни истардим. 

 

Одри ХАНОН, Нидерландиядаги “Tour of Holland”  сайёҳлик компанияси менежери:

— Ўзбекистон нафақат бой тарихий мерос юрти, балки Марказий Осиёдаги энг барқарор ва гуллаб-яшнаётган мамлакатдир. Жорий йилда сайёҳлик компаниямиз Нидерландия вакиллари учун тўртта йирик саёҳатни уюштирди. Сайёҳларимиз ноёб тарихий-меъморий ёдгорликлар билан танишганлари баробарида  Ўзбекистондаги юқори даражадаги хизмат кўрсатишдан, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва самимиятидан баҳраманд бўлиб, жуда катта таассуротлар орттириб қайтишди. Бой миллий мерос мамлакатингиз ҳукумати томонидан авайлаб-асралаётгани, шубҳасиз, катта эътиборга моликдир.  

Ишончим комилки, Европа мамлакатларидан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими бундан кейин ҳам ошиб бораверади.

 

«Жаҳон» АА.

Амстердам

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Кучли тўфон Катта даромад кўрди »