Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш тўғрисидаги ташаббуси «Earth Times» нигоҳида
  • 05 Август 2014

Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш тўғрисидаги ташаббуси «Earth Times» нигоҳида

Яқинда Буюк Британиянинг “Earth Times” он-лайн нашрида “Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги ташаббуси 20 йилдан сўнг реалликка айланди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофазаси нуқтаи назаридан мазкур ташаббуснинг аҳамияти атрофлича таҳлил этилган. Жумладан, мақола муаллифи Дэйв Армстронг ўзининг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини нашр ўқувчилари билан ўртоқлашган:
“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида беш ядровий давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия якдиллик билан муҳим халқаро ҳужжатни — Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартномага Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолагани, ҳақиқатан ҳам, тарихий воқеа бўлиши билан бирга, барча манфаатдор томонларнинг бир неча йиллик самарали меҳнати натижаси ҳамдир. Ушбу ташаббус илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 1993 йилдаги сессиясида илгари сурилган эди.
Дунёда мавжуд бўлган ядро қуролидан холи ҳудудлар доимо қизиқиш уйғотган... Бугунги кунда улар Лотин Америкаси (1967 йилдаги Тлателолко Шартномаси), Тинч океанининг жанубий қисми (1985 йилдаги Раротонга Шартномаси), Жануби-Шарқий Осиё (1995 йилдаги Бангкок Шартномаси) ҳамда Африка (1996 йилдаги Пелиндаба Шартномаси) минтақаларида ядровий хавфсизликни таъминламоқда. Африкада ва Ер шарининг бошқа жойларида турли жанговар ҳаракатлар ҳануз давом этаётгани, бахтга қарши, инсоният ҳам худди ёввойи табиат сингари урушлар натижасида вайрон бўлаётганини тасдиқламоқда...
Марказий Осиёдаги 5 мамлакатнинг барчаси тараққиётнинг хавфсиз, тинч ва бунёдкорлик йўлини танлаш орқали радионуклид билан зарарланиш ва ер ресурсларидан фойдаланиш даражасининг пасайиши каби аянчли оқибатларнинг олдини олди.
Орол денгизининг фожиаси ҳам собиқ иттифоқнинг минтақадаги икки йирик дарёдан қишлоқ хўжалигида пахта ва кўп сув талаб қиладиган бошқа экинларни катта ҳажмда етиштириш учун нооқилона фойдаланганининг оқибати бўлди.
Ўзбекистон изчил равишда чўл ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватламоқда ҳамда Афғонистондаги уруш каби бутун минтақага хавф солувчи вазиятларга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Афғонистон Ислом Республикасида коалицион ҳукуматни тузиш ҳамда Афғонистонни қурол билан таъминловчиларга нисбатан эмбарго ўрнатилиши ғояларининг ташаббускори ҳисобланадики, бу афғонлар юртида 1995 йили умуммиллий сулҳга олиб келди.
Маълумки, Марказий Осиё мамлакатлари учун экологик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ўта муҳим масала ҳисобланади. Ислом Каримов томонидан 1993 йилда илгари сурилган, 1997 йили Олмаота Декларациясида якдиллик билан қўллаб-қувватланган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш ҳақидаги ташаббус алал-оқибатда ядро қуролига эга бўлган бешта мамлакатнинг вакиллари томонидан имзоланган алоҳида Протокол орқали амалга ошди. Радиоактив заҳарланиш ҳамда минтақанинг бошқа экологик муаммолари эътиборга олинар экан, бу воқеага бутун Марказий Осиё атроф-муҳити ҳолатининг яхшиланиши нуқтаи назаридан энг яхши янгилик сифатида қараш керак”.


«Жаҳон» АА.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn