Майкл Томас: «Жаҳон майдонида ўзининг муносиб ўрнига эга эканлиги Ўзбекистоннинг муҳим ютуқларидан биридир»
  • 31 Июль 2014

Майкл Томас: «Жаҳон майдонида ўзининг муносиб ўрнига эга эканлиги Ўзбекистоннинг муҳим ютуқларидан биридир»

Ўзбекистон Республикасининг мустақил тараққиёт йиллари даврида эришган муваффақиятлари юзасидан хорижий мамлакатлар эксперт доиралари вакиллари билдираётган фикр-мулоҳазалар ва баҳолар ҳам юртимиз танлаган давлатчилик қуриш, иқтисодий ҳамда демократик тараққиёт йўли нақадар тўғри эканлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинаётганлигининг яққол тасдиғидир.

Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган қутлуғ байрам билан қутлар экан, “Pathfinder Trade & Invest” компанияси ижрочи директори Майкл Томас “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига ўзининг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини ва Ўзбекистон раҳбариятини мамлакат мустақиллигининг 23 йиллиги билан муборакбод этаман. Республикангиз замонавий тараққиётининг муҳим ютуқларидан бири унинг жаҳон майдонида муносиб ўрнига эга бўлгани ҳисобланадики, бу, энг аввало, давлат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари натижасида рўй берди. Бугун Ўзбекистон бутун дунёга машҳурдир, унга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораяпти. Унинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва бошқа беқиёс тарихий шаҳарлари кўплаб мамлакатлардан сайёҳларни ва ишбилармонларни жалб қилмоқда.
“Pathfinder Trade & Invest” компанияси ижрочи директори сифатида мен Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон — Британия кенгаши таркибининг аъзосиман. Мазкур кенгашнинг вазифаси Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантиришдан иборатдир. Кенгаш аъзоси сифатида мен амалий сафарлар билан бир неча маротаба Ўзбекистонга боришга муяссар бўлдим.

Биз жадал ривожланиб бораётган мамлакатлар сафидан жой олган Ўзбекистон билан бизнесни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Мустақил ривожланиш даврида мамлакатда замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, транспорт инфратузилмаси такомиллаштирилди ва умуман олганда, барча соҳаларда ҳайратланарли муваффақиятлар қўлга киритилди. Шу билан бирга, юртингизда бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда иш ўринлари ташкил этиш масалаларини ҳал қилиш йўли билан барқарорлик ва хавфсизликка эришилди.
Ўтган йили республикангиз қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши жараёни билан танишдим. Бу йўналишда амалга оширилган ишлар менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида кўпгина жабҳаларда, хусусан, юқори технологиялар, транспорт, таълим, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари мавжуд, деб ўйлайман.
Умид қиламанки, жорий йилда Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштирок этиш ҳамда бу соҳада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни ўрганиб чиқиш имконига эга бўламан. Икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини оммалаштиришга ўз ҳиссамни қўшишдан бахтиёрман.

 

«Жаҳон» АА.
Лондон

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn