Ўзига хос байрам
  • 04 Февраль 2014

Ўзига хос байрам

Ўтган ҳафтада Хитой аҳолиси Янги йил байрамини нишонлади, дейилади “Синьхуа” ахборот агентлиги хабарида.

Хусусан, турли бадиий чиқишлар ташкил этилиб, куй-қўшиқлар янгради. Осмонга минглаб мушаклар отилди. Хитой Янги йилининг ўзига хослиги шундаки, шу куни одамлар хонадонларида, кўчаларда бор овозда қийқирадилар. Мавжуд афсоналарга кўра, бу шовқин йил давомида ёвуз кучларни бартараф этишга хизмат қилар экан.

Мафтункор ўйин
АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги санъат музейида “Футбол — мафтункор ўйин” номли кўргазма очилди.
Миллионлар ўйинига бағишланган мазкур тадбирда турли суратлар, расмлар, эсдалик совғалари, ҳайкалтарошлик асарлари намойиш этилмоқда. Ташкилотчиларнинг айтишича, бундан кўзланган мақсад аҳолининг футболга қизиқишини оширишдир.
Кўргазма шу йилнинг ёзида Бразилияда бўлажак жаҳон чемпионатигача давом этади.

Медузага ўхшаш галактика
Бир неча йиллардан бери коинотимизни ўрганаётган “Хаббл” телескопи ёрдамида янги галактика кашф этилди.
“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарида келтирилишича, у “IC 3418” рақами билан белгиланди. Қизиқ жиҳати, галактиканинг кўриниши худди медузага ўхшайди. Сайёрамиздан унгача бўлган масофа 54 миллион ёруғлик йилига тенг.
Даромади ошмоқда
2013 йилнинг сўнгги чорагида пул тўлаш тизими бўйича дунёга машҳур “Visa Inc.” компанияси даромади 11 фоиз ошиб, 3,14 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.
Бу ҳақда компания матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарномада қайд этилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам бундай ўсиш суръати давом этиши кутилмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Фойда кўрди, аммо... Метрода музей »