«Ўзбекистон аграр соҳада улкан имкониятларга эга»
  • 11 Июль 2014

«Ўзбекистон аграр соҳада улкан имкониятларга эга»

Яқинда Венгрия қишлоқ хўжалиги палатасининг вице-президенти  И. Хубаи “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбирига берган интервьюсида шу йил 5-6 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари”  мавзуидаги халқаро конференциядан олган таассуротларини ўртоқлашди.

— Мазкур кенг қамровли халқаро анжуманда Венгрия аграр соҳасининг вакили сифатида иштирок этганим мен учун катта шараф бўлди, — деди у. — Делегациямизнинг барча аъзолари доимо ўзбек халқининг алоҳида эътибори ва самимий меҳмондўстлигини ҳис этиб туришди. Президент Ислом Каримовнинг анжумандаги нутқини катта қизиқиш билан тинглар эканмиз, Ўзбекистон аграр соҳада улкан имкониятларга эга эканлигини теран англадик.
Кўҳна Самарқанд шаҳрига сафаримиз чоғида биз бир неча фермер хўжаликлари, мева-сабзавотлар сақланадиган омборхоналар, шунингдек, мева шарбатлари ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолияти билан танишдик.
Гўшт-сут саноатининг тақдимот маросимида эса биз бу соҳада ишлаб чиқарилган мазали маҳсулотларни тотиб кўриш имконига ҳам эга бўлдик.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва харидорга тақдим этиш жараёнларининг узвийлиги ҳамда уларнинг юқори даражада ташкил этилгани Венгрия делегацияси аъзоларини ҳайратлантирди. Бевосита мева етиштириладиган майдонларнинг атрофида қурилган замонавий музлатиш омборларида маҳсулот деярли ҳеч бир йўқотишларсиз қайта ишлаб чиқаришга жўнатилади.
Шу билан бирга, биз Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ерга ишлов бериш ва уни суғориш борасида ноёб тажриба мавжуд эканлигидан ҳам воқиф бўлдик. Далаларни суғориш учун мўлжалланган сув омборларида маҳаллий фермерлар балиқларни кўпайтириш орқали қўшимча қийматни оширишлари эътиборимизни тортди. Шу ўринда мамлакатларимиз ўртасида тажриба алмашишни, хусусан, ерларни суғоришда янги технологияларнинг жорий қилиниши борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболли йўналишлардан бири эканлигини қайд этишни истар эдим.


«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn