«Гўзал юртингизга яна келгим келаверади»
  • 10 Июль 2014

«Гўзал юртингизга яна келгим келаверади»

Мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётганини юртимизга келаётган сайёҳлар оқими йилдан-йилга кўпайиб бораётганидан ҳам билса бўлади. Гўзал Ўзбекистонимизнинг барча шаҳарларида хорижлик сайёҳларни кўплаб учратиш мумкин.
ЎзА мухбири улардан айримлари билан суҳбатлашди.

 Роланд ФРАНК (Франция):
— Ўзбекистонга бундан ўн уч йил аввал келган эдим. Бу гал Тошкентни таниёлмай қолдим. Шаҳар жуда ўзгариб кетибди, янгидан-янги маҳобатли бинолар ва муҳташам саройлар, гўзал хиёбону майдонлар, равон йўллар бунёд этилибди. ўоят замонавий, айни пайтда миллий шаҳар.
Сафарим давомида қадимий Хива шаҳрини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлдим. Хива осмон остидаги очиқ музей эканига яна бир бор иқрор бўлдим. Ичанқалъани кўриб, осмонўпар миноралар орасида ўзимни гўё эртаклардаги мўъжизалар оламига тушиб қолгандай ҳис этдим. Бир-бирига туташиб кетган гўзал обидалар киши хаёлини узоқ ўтмишга етаклайди. Орадан неча асрлар ўтса-да, ўзининг асл қиёфасини йўқотмаган меъморий ёдгорликлар  бетакрорлиги билан бу ерга келаётган ҳар қандай сайёҳни мафтун этиши, шубҳасиз.
Мамлакатингизда сайёҳлик, айниқса, меҳмонхона бизнеси халқаро даражада тараққий топган. Нафақат Тошкентда, балки чекка ҳудудларда ҳам замонавий меҳмонхоналар бунёд этилиб, сайёҳларга сифатли хизмат турларини таклиф этаётгани эътиборга молик.


Викрам ДИКШИТ (Ҳиндистон):
— Аждодларингизнинг Ҳиндистонда қолдирган улкан ва бебаҳо мероси ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихий муштараклигидан далолат беради. Тожмаҳал, Ҳумоюн Мирзо мақбараси каби тарихий обидалар халқларимиз учун бирдек қадрли ва азиз.
Ўзбекистон шаҳарлари ичида Самарқандга меҳрим жуда баланд. Узоқ тарихга эга, инсониятнинг йирик маданий бешикларидан бири сифатида ўзида бой тарих ва тамаддунни мужассам этган, миллатингиз довруғи бутун дунёга таралишида муҳим ўрин тутган ушбу шаҳарга минг йиллардан бери инсоният ҳайрат ва қизиқиш билан боқади, сайёҳлар унга талпинади.
Ўзбек мумтоз қўшиқларини яхши кўраман. Миллий куйларингиз ёзилган дисклар ва танбур харид қилдим.


Кьюнг-Сун МУН (Жанубий Корея):
— Тошкент том маънода гуллар шаҳри экан. Боғ ва хиёбонларга, кўчалару тураржойлар атрофига экилган турфа гуллар кишини мафтун этади.
Тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган заминга сайёҳлар ҳам кўп  келади. Мен юртингизда ана шу осойишталикка, фаровонликка гувоҳ бўляпман. ўоят ширинсухан ва меҳмондўст халқингиз ҳар қандай кишида меҳр уйғотади. Ўзбек халқига хос ажойиб урф-одатлар ва бетакрор миллий анъаналарда юксак маънавият мужассам.
Аёллар гўзалликка интилади. Гўзал, нақшинкор ва ёрқин рангли ўзбек миллий матолари аёлларга ўзгача кўрк бағишлайди. Мен ҳам атлас ва адрас сотиб олдим.


Андрес ДОМИНГЕС (Испания):
— Ўзбекистонга оилам билан келдим. Ёзги таътилни шу ерда ўтказаётганимиздан хурсандмиз. Айниқса, фарзандларимнинг қувончи чексиз. Бу ерда болаларнинг мароқли дам олиши учун яратилган шароитлар бизга жуда манзур бўлди. Тошкентдаги “Аква боғи”да яйраб дам олдик.
Ўзбекистонда оила мустаҳкамлиги, ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратилишидан яхши хабарим бор. Афсуски, ўарбда ота-оналар шахсий иш фаолияти билан керагидан ортиқча овора бўлиб ва даромад кетидан қувиб, бундай эзгу ишларга “вақт тополмай” қўйишган. Бу кўплаб нохуш ҳолатларга сабаб бўлаётир. Ўзбекистон ёшлари жуда ақлли, билимли ва маданиятли экан. Кимдан нима сўрасак, бизга кўпчилиги инглиз тилида жавоб қайтаряпти, баъзилари испанчада ҳам бийрон сўзлаяпти. Шундай ёшлари бор мамлакатнинг келажаги, албатта, буюк бўлади.

Кевин ЛИВЕРМОР (Англия):
— Ўзбекистонга тез-тез келиб тураман. Чунки бу ажиб диёрнинг асрлар мобайнида сайқалланган бетакрор анъаналари ва қадриятлари мени мафтун этган.
Тошкентда жамоат транспорти яхши йўлга қўйилган экан. Менга Тошкент метрополитенининг озодалиги, йўловчилар учун қулайлиги ва кўркамлиги жуда ёқади. Кўп давлатларда бўлганман, лекин ҳеч қаерда бундай ораста метрони кўрмаганман. Ёшларнинг кексаларга бўлган ҳурмат-эҳтироми ҳавасимни тортади.
Мамлакатингизда сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароит яратилган. Кўркам ва замонавий меҳмонхоналар, юқори сифатли хизмат кўрсатувчи ресторан ҳамда қаҳвахоналар, музей ва галереялар, дам олиш масканлари — бири-биридан гўзал, замонавий. Шу боис гўзал юртингизга яна келгим келаверади. Ўзбекистон дунёнинг тараққий этган давлатлари қаторидан жой олишига ишонаман. Мамлакатингизнинг сўнгги йиллардаги барқарор тараққиёти ана шундан далолат бериб турибди.


Ирода УМАРОВА ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn