Ўзбек болаларининг ижодий ишлари «Friedensdorf International»да намойиш этилди
  • 09 Июль 2014

Ўзбек болаларининг ижодий ишлари «Friedensdorf International»да намойиш этилди

“Соғлом бола йили” Давлат дастури амалга оширилиши доирасида Германиянинг Динслакен шаҳрида (Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ўлкаси) ўзбек болалари ижодий ишларининг кўргазмаси бўлиб ўтди.

У Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси томонидан “Friedensdorf International” халқаро хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Кўргазма ўтказилиши учун айнан мазкур шаҳарнинг танлангани бежиз эмас. Чунки дунёнинг турли мамлакатларидан келган юзлаб болаларга Германияда даволанишлари учун кўмак кўрсатадиган “Friedensdorf International” хайрия ташкилотининг идораси айнан Динслакен шаҳарчасида жойлашган.
Тадбирда кўргазма қатнашчилари Президент Ислом Каримов томонидан 2014 йил Ўзбекистонда “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани, бу ташаббуснинг мазмун-моҳияти ҳамда унга мувофиқ қабул қилинган Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари билан атрофлича таништирилди.
Германияда даволанаётган 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган бемор болалар ҳамда немис жамоатчилиги ва маҳаллий оммaвий ахборот воситаларининг вакиллари кўргазма иши билан танишиб, мамлакатимизда болалар ва ўсмирларнинг баркамол ривожланиши учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда жисмонан ва маънан соғлом авлодни вояга етказиш юзасидан ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратдилар.
“Friedensdorf International” хайрия ташкилоти матбуот котиби Хана Ломан Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофазалашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берар экан, бундай хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшиш “Friedensdorf International” жамоаси учун катта шараф эканлигини таъкидлади.
— Ташкилотимиз Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги бемор болаларни даволаниш учун Германияга юбораётган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси билан 2002 йилдан буён муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келади, — деди у. — Шу кунларда хайрия ташкилотимизнинг реабилитация марказида мамлакатингиздан келган жами 17 нафар ўғил-қиз даволанмоқда. Улар даволаш муолажаларидан ташқари, таълим олишлари ҳамда коммуникатив ва бошқа кўникмаларни орттиришларига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Улар учун барча зарур шарт-шароит, жумладан, турли тўгараклар, соғломлаштириш мажмуалари ҳамда болалар ўйин майдончалари яратилган.
Айтиш жоизки, ташкилотимизнинг асосий вазифаси болаларни тўласинча даволаш ва уларни мутлақо соғлом ҳолда ота-оналарининг бағрига қайтаришдан иборатдир.
Ўзбек болаларининг бугунги суратлар кўргазмасини ташкил этишдаги кўмаги учун Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасига ўз миннатдорчилигимизни изҳор қилишни истар эдик. Ушбу кўргазма бизда катта таассурот қолдирди. Негаки, кўргазма бизга ва бизнинг ёш беморларимизга ҳаётни ўзбек болаларининг кўзи билан кўриш имконини берди. Болаларнинг ижодий ишлари Ўзбекистонда ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. “Friedensdorf International” бундай муҳим йўналишда ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга тайёр.
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, бутун Ўзбекистон аҳолисини тобора яқинлашиб келаётган миллий байрамингиз — Мустақиллик куни билан чин дилдан табриклар эканман, уларга тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик тилайман. Энг муҳими, мамлакатингизнинг барча болалари доимо соғ-саломат ва бахтли бўлишсин.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида тадбирнинг айрим иштирокчилари ўз таассуротларини ўртоқлашдилар.
— Ўзбекистон бўлмаси билан танишиб, ўзбек болалари жуда истеъдодли ва иқтидорли эканлигига амин бўлдим, — дейди немис тадбиркори Петер Феликс. — Ёш ижодкорларнинг ишлари ўзбек халқи анъаналари ва қадриятлари, Ўзбекистоннинг бетакрор табиати, меҳнаткаш халқи, тарихий шаҳарлардаги ноёб меъморчилик обидалари ҳақидаги тасаввурларимни бойитди. Буларнинг барчаси ўзбек халқининг улкан бунёдкорлик салоҳиятидан далолат беради.
“Friedensdorf International” ташкилоти ходими Ирене Шнайдер эса ўзбек миллий пазандачилик санъатини юқори баҳолади. Унинг айтишича, Германияда ўзбек миллий таомларининг ихлосмандлари тобора ортиб бормоқда.
— Бугунги тадбир доирасида болаларимиз ва барча меҳмонлар ўзбек халқининг миллий таомларидан тотиб кўриш имкониятига эга бўлишгани қувонарлидир, — деди у. — Айниқса, ўзбек палови жудаям мазали экан.
Фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган муҳим сана — Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан ҳар бир ўзбек оиласида осойишталик ва тўкин-сочинлик бардавом бўлишини тилаб қоламан.


«Жаҳон» АА.
Берлин

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn