Ўзбекистон — Буюк Ипак йўлининг юраги
  • 07 Июль 2014

Ўзбекистон — Буюк Ипак йўлининг юраги

Пекиндан махсус мухбирларимиз хабар қилади.

Милоддан юз йил аввал Чин юртидан йўлга отланган илк савдо карвони довону даралар, бепоён саҳролар оша Фарғона водийсига ипак ва бронза кўзгулар келтирган. Шу тариқа дунё цивилизацияси ривожида  муҳим ўрин тутган  Буюк Ипак йўлига асос солинган. Мана, орадан асрлар ўтиб узундан-узун карвонлар ўрнини замонавий авиалайнерлар, автомобиль ва тезюрар поездлар эгаллаган бўлса-да,  Шарқ ва ўарбни боғловчи ана шу қадимий йўл ҳанузгача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Эътиборлиси, мамлакатимизнинг бир қатор тарихий  шаҳарлари унинг қоқ марказида жойлашган.

Пекин шаҳрида Буюк Ипак йўли бўйлаб иқтисодий коридор ташкил этишда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлигига бағишланган халқаро форумда бу фикрлар қайта-қайта тилга олинди. Хитойнинг марказий нашри — “Жэньминь жибао” газетаси томонидан ўтказилган мазкур тадбирда 11 мамлакат — Ўзбекистон, Хитой, Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг 47 та оммавий ахборот воситаси ходимлари, шунингдек, ХХРнинг бир қатор вазирликлари, идоралари ва дипломатик миссиялар вакиллари иштирок этди. 

Форум муносабати билан Хитой матбуотида эълон қилинган мақолаларда Буюк Ипак йўли ривожида Ўзбекистоннинг тутган ўрни мавзуига ҳам алоҳида урғу берилди. Чунончи, қарийб 3 миллион нусхада нашр этилувчи ҳамда 300 миллион нафардан зиёд  интернет муштарийларига эга “Жэньминь жибао” газетаси саҳифаларида қадимий Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўлининг индустриал ва инновацион маркази сифатида қайд этилган. Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳри эса транспорт-коммуникация, ишлаб чиқариш ва илм-фан соҳаларидаги юксак салоҳиятига кўра мазкур тармоқнинг юраги, дея эътироф этилади.

Бинобарин, Хитойда чоп этиладиган яна бир йирик нашр — “Global Times” газетасида Марказий Осиё мамлакатларининг Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган шаҳарлари ҳақида маълумотлар жамланган махсус саҳифа эълон қилинди. Унда Регистон майдони суратлари ҳамда “Жиззах” махсус индустриал зонасида хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган саноат корхоналари фаолиятидан фоторепортажлар ўрин олган. Халқаро форумнинг хорижлик иштирокчилари қайд этганидек, ушбу мақола ва фактлар Ўзбекистоннинг сармоявий ҳамда иқтисодий имкониятлари ҳақида янада кенгроқ маълумотлар олишга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, юртимизда бундай имкониятлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бу Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги икки томонлама муносабатлар Буюк Ипак йўлидаги бунёдкорлик руҳига мос равишда янги мазмун билан бойиб, ўзаро манфаатли алоқалар янада мустаҳкамланаётганида ҳам кўзга яққол ташланади. Кейинги пайтда икки давлат раҳбарларининг бевосита саъй-ҳаракатлари билан ўзаро алоқалар стратегик ҳамкорлик тусини олди.

Бу Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили  билан ОАВ ходимлари иштирокида бўлиб ўтган брифинг чоғида  алоҳида тилга олинди.

— Ўзбекистон Республикаси ва ХХР раҳбарларининг ўтган йил сентябрь ойида Тошкентда ҳамда жорий йилда Шанхайда бўлиб ўтган учрашувлари давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнади, — деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хонг Лей. — Хусусан, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида давлатлараро манфаатли алоқаларни стратегик ҳамкорлик руҳида кенгайтириш тўғрисида тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлар имзоланди. Буюк Ипак йўлини тиклашда Ўзбекистон муҳим ўрин тутади ва бир-бирини ўзаро тўлдиради, деб ҳисоблаймиз. 

Вазирлик вакили, шунингдек, Хитой томони Ўзбекистон билан турли соҳаларда, айниқса, энергетика, савдо ва инфратузилмани такомиллаштириш жабҳаларида янада фаол ҳамкорликка тайёр эканини қайд этиб ўтди. Билим ва тажриба алмашиш борасида ҳам кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

— Халқларимизнинг бир-бирига бўлган ҳурмати ва ишончи юксак эканини алоҳида таъкидлашни истардим, — деди Хонг Лей. — Ўз навбатида, Ўзбекистондан кўплаб соҳаларда, хусусан, давлат ва жамият бошқаруви жабҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўрганишга арзийди.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди. Масалан, сўнгги олти йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 6 баробар ошди ва 2013 йилда 5,2 миллиард долларга етди.

ХХР Раисининг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 та ҳужжат имзоланди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокидаги 466 корхона, жумладан, ушбу мамлакатнинг 71 та компанияси фаолият юритмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Хитой Халқ Республикаси транспорт вазири ўринбосари Вэн Мэньюнь Буюк Ипак йўлида замонавий транспорт коридорини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.  Маълумки, мазкур йўналишда мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Давлатларимиз ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Марказий Осиё, ундан кейин Жанубий Осиё  мамлакатларига чиқишни таъминлайди. Мазкур йўналиш “Ангрен — Поп” темир йўли қурилиши лойиҳасини ўз ичига олган. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси ўртасида довондан туннель орқали ўтадиган “Ангрен — Поп” темир йўлини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланди ва хитойлик ҳамкорлар иштирокида 2013 йилнинг июнь ойида ушбу йўл қурилиши бошланди. 

Умуман, Буюк Ипак йўлидаги давлатларда қарийб 3 миллиард аҳоли яшашини инобатга олсак, минтақа мамлакатлари бозорига чиқиш учун транспорт коридорини тўлиқ таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб мавзусидир. Бундай глобал майдон кўлами ва иқтисодий салоҳиятининг баҳоси нақадар бебаҳо эканлигини таъкидлаш жоиз. Ушбу мақсадларга эришишда ОАВ ҳамкорлигини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бу Хитой Халқ Республикасининг етакчи таҳририятларига ташриф чоғида бир неча бор таъкидлаб ўтилди.  ХКП МҚ Сиёсий бюросининг доимий қўмитаси аъзоси Лю Юньшан, “Жэньминь жибао” газетаси бош директори Ян Чжэньву билан ўтказилган учрашувлар чоғида минтақа ОАВ ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, илғор коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. 

Форум давомида оммавий ахборот воситалари ходимларининг ишбилармон доиралар, етакчи давлат компаниялари вакиллари билан мулоқоти чоғида Хитойнинг саноат ва бизнес тузилмаларининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги муҳокама қилинди. Хусусан, ёқилғи-энергетика соҳасидаги муносабатларни тараққий эттириш муҳим эканлиги қайд этилди.

— Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси Ўзбекистондаги истиқболли углеводород конларини ўрганиш ва уларни ўзлаштириш билан шуғулланмоқда, — деди корпорациянинг халқаро бўлими бош директори Чжэн Син. — Бундан ташқари, табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Буюк Ипак йўлининг ёқилғи-энергетика соҳасида Марказий Осиё — ХХР газ тармоғининг  Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтиши ўзаро ишончли ва манфаатли муносабатларимизнинг ёрқин далилидир.

Хитой Маданият вазирлиги вакиллари таъкидлаганидек, Буюк Ипак йўли  нафақат савдо йўли, айни пайтда халқлар ўртасида маданий-маърифий, фан ва техника,  туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда ҳам устувор аҳамиятга эга. Таъкидлаш жоизки, 2013 йил 15 май куни Шанхай шаҳрида Хитойда биринчи марта Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий тадқиқот институти негизида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази очилди. Тошкент ва Шанхай, Самарқанд ва Сиан,  Навоий ва Чжучжоу шаҳарлари, Тошкент вилояти ва Хунан вилояти,  Самарқанд вилояти ва Шаньси вилояти ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Шаньси провинцияси вице-губернатори Цзян Цзелиннинг таъкидлашича,  ҳудудда транспорт, савдо ва логистика инфратузилмаси ривожи ҳал қилувчи йўналиши Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан бевосита боғлиқ. Бунга анжуман иштирокчилари форум якунлари бўйича Хитойнинг ана шу шаҳарлари бўйлаб ташкил этиладиган медиа-тур давомида бевосита гувоҳ бўладилар.

Руслан КЕНЖАЕВ,

Фаррух БЎТАЕВ.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn