Франция Сенатида давра суҳбати
  • 03 Июль 2014

Франция Сенатида давра суҳбати

Франция Сенатида “Сайлов тизимини демократлаштириш ва парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва жаҳон амалиёти” мавзуига бағишланган Франция — Ўзбекистон давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Франция Сенатининг Бош котиби Жан-Луи Эрин, “Франция — Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, сенатор Андре Дюле, “Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси, сенатор Бернадет Бурзай ва бир қатор сенаторлар, таниқли олим, нуфузли эксперт ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Муҳаммадиев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси аъзолари иштирок этди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан “Франция — Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Андре Дюле мазкур давра суҳбатининг ўтказилиши ҳам сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг фаоллашганидан ҳамда улар тобора ривожланиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади. Бунда Ўзбекистон ва Франция парламентлари ўртасидаги доимий ташриф алмашувлари ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки бундай ташрифлар доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид долзарб масалалар, шу билан бирга, минтақавий аҳамиятга молик масалалар ҳам муҳокама қилинадики, уларнинг ҳал этилишида Ўзбекистон муҳим роль ўйнайди. А. Дюле Европа мамлакатлари бир неча асрлар давомидаги демократик тараққиёт йўлини Ўзбекистон Республикаси сўнгги йигирма уч йил давомида босиб ўтганини ва эришилган натижалар ҳайратланарли ҳамда ишонарли эканлигини алоҳида қайд этди. “Бундай тадбирларнинг ўтказилиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деди у.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари Ўзбекистонда парламентаризмнинг ривожланиши тамойиллари, конституциявий ислоҳотларнинг хусусиятлари, республика парламенти фаолияти, парламент ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимининг ривожланиши мавзуларига бағишланган тақдимотларни ўтказишди. Уларда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Европа ишлари бўйича қўмитанинг аъзоси, сенатор Эймери де Монтескье Франция томони Ўзбекистонда миллий давлатчилик, хусусан, парламентаризм ривожланишини табриклашини билдириб, бунда Франциянинг ҳуқуқий тажрибаси ҳам ҳисобга олингани қувонарли эканлигини маълум қилди.
— 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинчлик-осойишталик ҳамда фаровонликда ўзаро аҳил бўлиб яшаётган Ўзбекистонда барча ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асослар яратилган, — деди у. — Миллатдан ва қандай динга эътиқод қилишидан қатъи назар, мамлакатнинг барча аҳолиси ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан эркин фойдалана олади.
Европа ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари, “Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси, сенатор Бернадет Бурзай ҳуқуқий демократик давлат барпо қилинишида ҳокимият бўлиниши тамойиллари катта аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу билан бирга, кўпгина экспертларнинг фикрича, мазкур тамойил ҳокимият тармоқлари ўртасидаги кооперация ёки ҳамкорликни эмас, балки уларнинг ягона мақсад йўлидаги умумий фаолиятини, яъни давлатчилик қуришда биргаликдаги ҳаракатини назарда тутади. Б. Бурзай давлат бошқарувининг демократлашувида парламент ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини айтди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланиши соҳасида Ўзбекистонда эришилган муваффақиятлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам давра суҳбати иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, Сенат Бош котиби Жан-Луи Эрин ушбу масалага доир савол билан мурожаат қилди.
Шу муносабат билан фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатлангани, мамлакат Президенти эса Конституция ва инсон ҳуқуқлари ҳаётга татбиқ этилишининг кафолати эканлиги қайд этилди. Бундан ташқари, мамлакатда Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ каби институтларнинг таъсис этилгани ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш ва амалга ошириш, уларга риоя этилиши устидан тизимли мониторинг олиб боришни таъминлаш имконини берди. Бунда 1997 йилдан бошлаб таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари бўйича курслар ўқитилаётгани катта аҳамиятга эга. Ўлим жазосининг бекор қилиниши, “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши ва суд-ҳуқуқ тизимининг либераллашуви халқаро миқёсда катта акс садо берди.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири давра суҳбатининг бир неча қатнашчилари билан суҳбатда бўлди. Улар Ўзбекистонда сайлов ва парламент тизимининг ривожига оид фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ив Поззо ди Борго, Франция Сенатининг Халқаро масалалар, мудофаа ва қуролли кучлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор:
— Франция сенаторлари Ўзбекистоннинг парламентаризмни ривожлантириш, сайлов тизимини демократлаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва уни ривожлантириш, мазкур институтнинг ҳукумат бошқаруви ҳамда сайлов жараёнида иштирокини таъминлаш бўйича тажрибаси, мамлакатингиз Конституциясига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар билан танишдилар. Алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида барқарорлик сақланишининг кафолати ҳисобланади. Шу муносабат билан жорий йил 16 октябрь куни Франция Сенати томонидан Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган коллоквиум ўтказилиши режалаштирилаётганини маълум қилишни истар эдим. Унга франциялик ва халқаро экспертлар, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг вакиллари таклиф этилади.
Ги Оливье Фор, халқаро муносабатлар бўйича эксперт, Париж V университети профессори:
— Франция Сенатида ўтказилган давра суҳбати ҳар томонлама ахборотларга бой ва самарали бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Франциянинг 200 йилдан зиёдроқ давр мобайнидаги парламент тизими тажрибасини ҳар томонлама ўрганишга бўлган интилиши катта ҳурматга сазовордир. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг конституциявий ва демократик қурилиш тажрибаси билан батафсил танишиш ҳамда мамлакатнинг 23 йиллик мустақил тараққиёти давомида қўлга киритган муваффақиятларини баҳолаш Франциянинг сенатор ва экспертлари учун ҳам фавқулодда муҳимдир.
Мамлакатингиз кўп партиявийлик асосида демократлаштириш йўлидан ишонч билан қадам ташламоқда ва изчил тараққий этаётир. Жамиятда аёлларнинг ўрни тобора юксалмоқда, фуқаролик жамияти институтлари шаклланаяпти. Тараққиётнинг миллий “ўзбек модели” яратилгани кучли ижтимоий йўналтирилган сиёсатни юритиш, 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро баҳамжиҳат истиқомат қилаётган мамлакатда тинчлик ҳамда барқарорликни сақлаш имконини берди. Шу боис Ўзбекистон минтақа мамлакатлари учун намуна ҳисобланади, деб айтсак, асло муболаға бўлмайди.

 

«Жаҳон» АА.
Париж


 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn