Амстердам саноат клубида тақдимот
  • 30 Июнь 2014

Амстердам саноат клубида тақдимот

Амстердамдаги “De Industrieele Groote Club” саноат клубида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Клуб фаолиятидан кўзланган асосий мақсад бизнесни юритишга кўмаклашиш, клуб аъзоларини янги сармоявий имкониятлардан хабардор этиш, бизнес муҳитини шакллантириш, Нидерландия иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ташқи сармоявий лойиҳаларни кўриб чиқиш йўли билан Нидерландия ҳамда хорижий мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш билан изоҳланади.
Клуб аъзоларининг аксарияти Нидерландия ва хорижий давлатларда фаолият кўрсатадиган ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқлари вакиллари ҳисобланган таниқли сиёсатчи ва тадбиркорлардир. “De Industrieele Groote Club”нинг минг нафардан зиёд аъзоси бор.
Бўлиб ўтган тадбир давомида клубга аъзо бўлган  Нидерландия компаниялари вакиллари Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда мавжуд қулай сармоявий муҳитга оид маълумотлар  билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, тақдимот қатнашчиларининг эътиборига мамлакатимизда барпо этилган махсус индустриал ҳудудларнинг имкониятлари, Нидерландия компаниялари иштирок этиши мумкин бўлган истиқболли сармоявий таклифлар рўйхатидан жой олган лойиҳалар хусусидаги ахборотлар ҳам тақдим этилди.

Тадбир иштирокчиларини қутлар экан, “De Industrieele Groote Club”нинг Марказий Осиё ҳамда Кавказ мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича директори Натали Дидиер ушбу тақдимот қатнашчилари сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этаётгани Нидерландия ишбилармон доиралари вакилларида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қизиқиш катта эканлигидан далолат беришини таъкидлади.
— Шуниси эътиборлики, мамлакатда қулай сармоявий иқлим, хорижий капитал қўйилмалари учун ҳуқуқий кафолат ва имтиёзларнинг кенг тизими яратилган, — деди у. — Хорижий сармоя асосидаги корхоналар фаолиятини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларнинг яхлит механизми ишлаб чиқилган.
Н. Дидиер тақдимот маросимининг Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги аҳамиятига юқори баҳо берар экан, клуб аъзоларини мамлакатимиз ҳудудидаги иштироки кўламларини кенгайтиришга чақирди.
Такдимот чоғида Нидерландия корхоналари фаолиятининг асосий йўналишлари ва Ўзбекистон  иқтисодиётини ривожлантиришнинг устувор соҳаларидан келиб чиққан ҳолда, экспортга йўналтирилган ҳамда юқори қўшимча қийматга эга бўлган биргаликдаги ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан манфаатдорлик билдирилди.

2014 йил  5 — 6 июнь кунлари  Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ- овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро  конференцияда иштирок этган “Mantel Holland” компаниясининг бош директори Джон Джонг мамлакатимиздан орттирган таассуротлари билан ўртоқлашар экан, мазкур тадбир унинг компанияси учун жуда фойдали бўлганини қайд этди.
— Ўзбекистон бўйлаб сафарим чоғида мамлакатнинг нафақат қишлоқ хўжалигида, балки иқтисодиётнинг турли тармоқларида ҳам катта имкониятлар  мавжуд эканлигига амин бўлдим, — деди у. — Ўзбеклар заминида қишлоқ хўжалиги соҳасида тўғридан-тўғри хориж сармояси иштирокидаги 400 дан зиёд корхона барпо этилгани  мени ҳайратга солди. Ишончим комилки, ҳадемай Ўзбекистон ўарбий Европа мамлакатларига мева-сабзавотларнинг етакчи экспортчисига айланади. Чунки жабҳанинг бугунги ривожланиши шундай фикрни билдиришга асос бўлади. Биз ҳам бу борада кўмаклашишга ва ана шу жараённинг иштирокчисига айланишга тайёрмиз.

“De Industrieele Groote Club” вакилларида Ўзбекистон саноатининг кимё, қурилиш ва тўқимачилик соҳаларида, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш жабҳасидаги истиқболли лойиҳалар алоҳида қизиқиш уйғотди.
Тақдимот доирасида Ўзбекистоннинг 2013 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши  якунлари ва 2014 йилдаги устувор йўналишлари, ҳукумат томонидан иқтисодиётни диверсификациялаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, хориж капитали жалб этилишини рағбатлантиришга ҳамда хорижий сармоядорлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилинишига йўналтирилган қонунчиликдаги ўзгартишларга ҳам алоҳида урғу берилди.
Тадбир якунида Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий тараққиёти ҳақида ҳикоя қиладиган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
«Жаҳон» АА.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn