Тошкент конференцияси Бельгия матбуотида
  • 25 Июнь 2014

Тошкент конференцияси Бельгия матбуотида

Жорий йил 5 — 6 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция якунлари ҳамда Президент Ислом Каримовнинг мазкур анжуманнинг очилиш маросимидаги нутқи жаҳон оммавий ахборот воситаларида атрофлича ёритилмоқда.

Жумладан, Президент Ислом Каримов томонидан мазкур халқаро анжуманда тақдим этилган маълумотлар, яъни иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалик жабҳасини ривожлантириш юзасидан республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим жиҳатлари Бельгия матбуоти саҳифаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. 

Ушбу мамлакатда нашр этиладиган “New Europe” (“Янги Европа”) газетасида эълон қилинган мақолада давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг ушбу халқаро форумда сўзга чиқиб, озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари хусусида фикр юритиб, Ўзбекистон барча халқаро ташкилотлар, хорижий инвесторлар, тадбиркорлар, банклар, олим ва мутахассислар билан биргаликда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлагани ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.

Мақолада ёзилганидек, мамлакатда 2020 йили мева ва сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари етиштиришни 2014 йилдагига нисбатан камида 2,3 марта кўпайтириш мўлжалланаётгани Ўзбекистон раҳбари томонидан маълум қилинди.

Шунингдек, Президент дунёда камдан-кам учрайдиган табиий ва тупроқ-иқлим шароит-ларининг уйғунлиги туфайли дунёдаги энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар фақат ушбу минтақада етиштирилиши мумкинлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашгани ҳам қаламга олинган.  

Давлатимиз раҳбарининг нутқига мурожаат қилиниши асносида, экспертларнинг Ўзбекистон заминида етиштириладиган мева ва сабзавотларнинг хусусиятлари ҳақидаги фикрлари тўғрисида ҳам атрофлича сўз юритилган. “Ўзбекистон шароитида етиштирилган мева-сабзавотлар бебаҳо истеъмол хусусиятлари, яъни таркибида табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ҳамда озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли равишда юқори туради”, деб ёзилади “New Europe”да.  

Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилаётгани, ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда шундай маҳсулотларни етказиб берадиган ўнта етакчи давлат қаторига кириши ҳам мазкур мақолада алоҳида таъкидланган. 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn