«Ипак йўли сеҳри»
  • 17 Июнь 2014

«Ипак йўли сеҳри»

Германияда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий бойлиги ҳамда ноёб сайёҳлик салоҳиятига бўлган қизиқиш тобора кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Бунда, шубҳасиз, немис оммавий ахборот воситаларининг хизмати катта.

Чунки улар ранг-баранг материаллари билан мунтазам равишда Ўзбекистон мавзусини ёритиш асносида икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашувлар кўламларининг кенгайишига кўмаклашмоқда.
Яқинда Германияда нашр этиладиган “Berliner Morgenpost” ва “Hamburger Abendblatt” газеталарида “Ипак йўли сеҳри” сарлавҳали мақола эълон қилинди. У Ўзбекистоннинг бой маданияти ва сайёҳлик имкониятларига бағишланган.
Муаллиф  Эккехарт Айхлер Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент сингари кўҳна шаҳарлар бағрида жойлашган ноёб меъморий ёдгорликлар ҳақида қалам тебратар экан, бу шаҳарларни “Ипак йўлининг асл дурдоналари” деб таърифлайди.  
“Самарқанддаги дунёга машҳур Регистон майдони — Марказий Осиёдаги энг гўзал қадамжолардан бири ҳамда умумжаҳон маданий меросининг бир бўлагидир. Регистондаги уч мадрасадан иборат мажмуа шаҳарсозликдаги ноёб намуна ҳисобланади”, деб ёзади у. 
Э. Айхлер Хива шаҳридаги кўп сонли тарихий ёдгорликлар ҳақида ҳикоя қилар экан, газетхонлар эътиборини алгебра фанининг асосчиси — буюк олим Муҳаммад ал-Хоразмий қолдирган бой меросга қаратади. “VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад ал-Хоразмийнинг асарлари жуда муҳимлиги баробарида, улар бугунги кун учун ҳам долзарбдир, — деб ёзади у. — Масалан, олим ўзининг “Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб” асарида ҳинд рақамлари асосида ўнлик позицион системада сонларнинг ёзилишини батафсил баён қилади. У сонларнинг бундай ёзилишидаги қулайликлар, айниқса, ноль ишлатилишининг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди. Дарҳақиқат, Муҳаммад ал-Хоразмий ўз даврининг даҳоси эди”.
Мақола муаллифи, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш, тарихий ёдгорликларни таъмирлаш ва замонавий меҳмонхоналар қурилишига катта маблағ сарфланаётгани, сайёҳлик жабҳасида хизмат кўрсатишни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида ҳам атрофлича тўхталган.
“Хива, Бухоро ва Самарқанддаги кўплаб меъморий ёдгорликларни таъмирлаш ишлари мустақилликкача бошланган эди. 1991 йили Ўзбекистон ўз суверенитетини эълон қилганидан сўнг мамлакатдаги энг моҳир таъмирчилар бу йўналишдаги фаолиятларини давом эттирдилар, таъмирлаш ишлари жараёни эса янгича руҳ, янгича қамров ва суръат касб этди. Давлат томонидан олиб борилган қайта тиклаш ишларининг натижаси ўлароқ, кўҳна масжид, минора ва саройлар қиёфаси асл ҳолига қайтарилди. Эртакмонанд гўзалликка эга бўлган ушбу шаҳарларда жойлашган диққатга сазовор масканларнинг барчаси сайёҳлар диққат-эътибори учун ҳар жиҳатдан муносибдир”, деб таъкидлайди муаллиф.      
Мақолада қайд этилишича, ноёб меъморий ёдгорликларнинг гўзаллиги ва  маҳобатидан ташқари, маҳаллий аҳоли вакиллари билан режалаштирилмаган, тасодифий учрашувлар ҳам сайёҳларнинг ёдидан асло чиқмайди. Ўзбек халқи вакиллари билан мулоқот асносида уларнинг бой маданияти, урф-одатлари ва кундалик турмуш тарзи, шу жумладан, миллий тўй, анъаналар ва маросимлари ҳақида билиб олиш мумкин.
Мақола сўнггида муаллиф газетхонларни Германияда фаолият кўрсатадиган етакчи туроператорлардан бири —  “Lernidee Erlebnisreisen” компаниясининг немис сайёҳларига таклиф этаётган Ўзбекистон бўйлаб икки ҳафталик саёҳатга оид маълумотлар билан ҳам танишишга даъват этади.

«Жаҳон» АА.
Берлин

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn