Анджей Сувек: «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга»
  • 15 Июнь 2014

Анджей Сувек: «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга»

Маълумки, шу йилнинг 5 — 6 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция ишида хорижий мамлакатлардан мутахассис ва экспертлар иштирок этди.

Улар орасида польшалик эксперт — “Andrzej Sulek Sp.z.o.o.” компанияси президенти Анджей Сувек ҳам бор эди. У ўз юртига қайтганидан сўнг “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири билан суҳбат чоғида мазкур халқаро анжумандан олган таассуротларини ўртоқлашди. 

— Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга, — деди у. — Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари жадаллик билан ривожланиб бораётгани туфайли биз истиқболда ана шу салоҳиятдан тўласинча фойдаланиш ниятидамиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ишлаб чиқаришда катта қудратга ҳам эгадир. Ишчи кучи салоҳияти ҳам шу жумлага кирадики, шубҳасиз, ундан унумли фойдаланиш керак. Республика ҳудудидаги қулай иқлим шароити мева-чева  етиштиришни янада кўпайтириш ва боғдорчилик ривожини бундан ҳам яхшилаш имконини беради. 

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференция ишида мамлакатимиз экспертларининг қатнашгани Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, ўзаро савдо алмашувларининг ўсишига ҳамда хўжалик алоқаларининг кенгайишига кўмаклашади, деб ўйлайман. 

Шуни ҳам комил ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон ва Польшанинг боғдорчилик соҳасидаги ҳамкорлиги яхши истиқболга эгадир. Икки мамлакат таълим муассасалари ва идоралари ўртасидаги тажриба алмашувлар, боғдорчилик соҳаси мутахассисларининг бир-бирлари билан яқин алоқалари ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизга ижобий туртки беришига ишонаман.        

Кези келганда шуни қайд этишни истардимки, бизнинг халқимиз ҳам боғдорчилик ва сабзавотчиликда улкан тажриба орттирган. Шу асосда Польша боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришда катта қадамларни ташлаган. Ҳозир биз дунёдаги олма етиштирадиган етакчи мамлакатлар тўртлиги сафида турамиз. Бугунги кунда ушбу соҳа янада ривож топмоқда. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўз тажрибаларимизни баҳам кўришга тайёрмиз. 

Мен Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганман. Гўзал мамлакатингиз бой маданият ва тарихга эга. Ўзбеклар заминида халқ самимиятидан ва меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлдик. Бунинг учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

«Жаҳон» АА

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn