Америкалик икки дўст Ер юзини 92 соатда айланиб чиқди
Америкалик икки дўст Ер юзини 92 соатда айланиб чиқди Фото: guinessworldrecords.com
  • 02 Март 2018

Америкалик икки дўст Ер юзини 92 соатда айланиб чиқди

Дунёни айланиб чиқиш – кўпчиликнинг орзуси. Аммо молиявий аҳволи ҳаминқадар бўлган, боз устига вақти чекланган камдан-кам одам бундай машаққатли ишга қўл уради. Шундай бўлса-да, икки нафар америкалик ана шундай саёҳат бўйича рекорд ўрнатишга эришди. 

“TengriMIX” ахборот манбаси мазкур воқеа ҳақида тўхталиб ўтади.

Калифорниялик Жули Берри ва техаслик Кейси Стюарт бир-бирларини ижтимоий тармоқлар орқалигина билишар эди. Фақат бир бор Янги Зеландияда учрашишган, кейин уларнинг йўли яна айрилганди. Мулоқот эса яна ўша-ўша — виртуал оламда қолди. Кейси саргузашт турлар бўйича хизмат кўрсатадиган фирма директори бўлгани учун, аллақачон ўнлаб мамлакатларга боришга улгурган эди. У то 33 ёшга чиққунга қадар сайёрамиздаги барча қитъаларни кўришни дилига туккан эди. 

Ана шу ниятни биргаликда рўёбга чиқариш учун эса дўсти Жулини таклиф қилди. Мақсад  биргаликда саёҳат қилиб, рекорд ўрнатиш! 

Жули ҳам дарров кўна қолди. Чунки у учун сокин ҳаёт бегона эди. Мураккаб вазиятларда яшаб қолиш бўйича реалити-шоунинг доимий иштирокчиси ҳақида яна нима дейиш мумкин!?

Сафар ўтган йил 13 декабрь куни бошланди ва орадан 14 соату 45 дақиқа ўтиб ёш жуфтлик Дубайга келиб қўнди.

У ердан Қоҳирага, сўнгра Франкфуртга парвоз қилинди. Навбатдаги манзил Торонто бўлди, кейин Сантьяго.

Бу ердан Чилининг яна бир шаҳри Пунта-Аренасга етиб боришди. Навбатдаги маскан, сўнгги нуқта — Антарктидага эса 16 декабрь куни ташриф буюришди. 

Шундай қилиб, саёҳат учун 92 соат 4 дақиқаю 19 сония вақт сарфланди. Лойиҳа эса “Еттита материкни 72 соатда” дея номланди. Ажабланманг, одатда ғарбликлар Евроосиё материгини иккита мустақил ҳудуд, яъни Европа ва Осиё деб қабул қилишади.

Тўғри, Кейси ва Жули ўз мақсадига 72 соатда эриша олмади. Антарктидадаги кучли бўрон туфайли рейснинг кечиктирилиши саёҳат муддатини бироз узайтириб юборди. Шунга қарамай, улар рекордни янгилай олди. Негаки, бу борадаги олдинги кўрсаткич 120 соатга тенг эди.

Бир қарашда, бундай саргузашт ҳайратланарли. Аммо қисқа муддат ичида дунё ўлкалари гўзалликлари, янгиликларидан баҳра олиш, турфа маданиятлар билан яқиндан танишишга улгурмайди киши, деб ёзади tengrimix.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn