Германияда «Соғлом бола йили» Давлат дастури тақдимоти бўлиб ўтди
  • 11 Июнь 2014

Германияда «Соғлом бола йили» Давлат дастури тақдимоти бўлиб ўтди

Бонн шаҳрида анъанавий “Дунё халқлари маданияти фестивали” бўлиб ўтди. Унда Германияда фаолият кўрсатаётган 100 дан зиёд дўстлик уюшмалари ва иттифоқлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатия ваколатхоналари ҳамда миллий маданий марказлар иштирок этди.

Мазкур халқаро анжуманда юртимиз бўлмаси Бонн шаҳридаги Германия — Ўзбекистон дўстлик жамияти ҳамда мамлакатимиз элчихонаси ҳамкорлигида тақдим этилди. 

Ушбу тадбир доирасида “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Тақдимот иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 2014 йил мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани, бу йўналишдаги Давлат дастуридан кўзланган  мақсад ва вазифалар, ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, таълим, спортни ривожлантириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар билан танишдилар.   

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида мустақил республикамизнинг замонавий тараққиёти ва изчиллик билан олиб борилган ислоҳотларнинг натижалари ҳақида атрофлича тасаввур берадиган Ўзбекистон бўлмаси халқаро анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Чунки ўзбек халқ амалий санъати маҳсулотлари, ранг-баранг сопол, тўқимачилик, зардўзлик буюмлари, мамлакатимизнинг бой тарихи ва сайёҳлик салоҳиятига доир кўпгина ахборот материаллари ушбу бўлма пештахталаридан жой олган эди.

Бонн шаҳрининг мингдан зиёд аҳолиси вакиллари ҳамда меҳмонлари Ўзбекистон бўлмасини кўздан кечириш асносида мамлакатимизнинг тарихи ва бой маданияти билан яқиндан ошно бўлдилар. Уларга, шунингдек, ўзбек миллий таомларидан татиб кўриш имконияти ҳам яратилди. 

“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири тадбирнинг айрим қатнашчилари билан суҳбатда бўлди.

— Шаҳримизда ўтказилаётган “Дунё халқлари маданияти фестивали” Германия жамо-атчилиги вакиллари учун Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ҳамда республикангизда болалар ва ёшлар давлат томонидан қай даражада қўллаб-қувватланаётгани билан яқиндан танишиш учун жуда қулай имконият яратди, — деди Бонн шаҳридаги Германия — Ўзбекистон дўстлик жамиятининг вице-президенти Дитер Бранденбургер.

 — Ўзбекистон раҳбариятининг ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга йўналтирилган сиёсати катта эътиборга лойиқдир. Биз, Бонн шаҳридаги Германия — Ўзбекистон дўстлик жамияти аъзолари ҳукуматингизнинг бу сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бирга, Германиянинг сиёсий, ижтимоий ва ишбилармон доиралари вакилларини мамлакатингизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар билан таништириб боришга ўз ҳиссамизни қўшишдан мамнунмиз.   

Германия — Ўзбекистон дўстлик жамиятининг аъзоси Гедда Герц Бонн шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган мазкур фестивалдаги мамлакатимизнинг иштирокини юқори баҳолар экан, ўзи ҳам Ўзбекистон бўйлаб сафарда бўлганини маълум қилди. 

— Қуёшли ўлкангизга бориш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман, — деди у. — Ўзбекистоннинг қайси гўшасига бормайлик, ҳамма жойда бирдек илиқлик ва меҳмондўстлик билан кутиб олишди. Биз мактабларда, болалар боғчалари ва ўзбек оилаларида бўлдик. Мамлакатингиз бўйлаб сафаримиз бизда унутилмас таассуротлар қолдирди.  

Ўзбекистонда 2014 йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани мамлакат ҳукумати томонидан аҳоли саломатлигига, жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялашга жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради.  

Мен юртингизда ёшлар учун барча шароит яратилганига шахсан гувоҳ бўлдим. Дунёнинг энг гўзал мамлакатларидан бири бўлган Ўзбекистонга яна боришга умид қиламан.  

Германиялик санъатшунос Тобиас Зайдель ушбу тадбир туфайли Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, ўзбек халқининг ноёб анъаналари ва бой маданияти билан яқиндан танишганидан мамнун бўлганини айтди. 

— Ўзбек ҳунармандлари ясаган халқ амалий санъати маҳсулотлари менда катта таассурот қолдирди, — деди у. — Бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказиб турилиши маданиятлараро мулоқотнинг, халқлар ўртасидаги дўстлик ва бир-бирини тўғри тушунишнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. 

«Жаҳон» АА.

Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn