Президент деҳқонларга бепул трактор тарқатиш тўғрисидаги фармонни имзолади
Президент деҳқонларга бепул трактор тарқатиш тўғрисидаги фармонни имзолади Фото: b4blogistics.com
  • 17 Февраль 2018

Президент деҳқонларга бепул трактор тарқатиш тўғрисидаги фармонни имзолади

Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги деҳқонларга бепулга трактор беради. Беғараз ёрдамдан кўзланган мақсад деҳқонларни кўкнори экиш ўрнига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш сари рағбатлантиришдир.

Бу ҳақда “Новости мира” интернет-нашри хабар тарқатди.

Ушбу давлат раҳбарининг мамлакатдаги 24 та музофотда АҚШда ишлаб чиқарилган “MESSEY FERGUSON” русумидаги тракторларни тарқатиш тўғрисидаги фармони имзоланган. Мақсад афғон деҳқонларини жорий йилдан бошлаб кўкнори ўрнига буғдой экишга ўтишини таъминлаш, мамлакатда нон етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида ғаллачиликни ривожлантиришдир.

Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазири Носир Аҳмад Дурани ушбу ҳудудлардаги соҳага масъул бошқарма бошлиқларига юбориладиган тракторларни деҳқонларга тақдим этиш топшириғини берган. У агар агротехника воситалари танқислиги сезилса, бир нечта деҳқон биргаликда навбати билан уловлардан ўз экин майдонларига ишлов беришда фойдаланиши кераклигини ҳам айтиб ўтган. 

Ҳозирча вазирлик 300га яқин тракторни тарқатишни режалаштираяпти. Захирада эса яна 172 та машина қолдирилган. Эҳтиёжга қараб улар ҳам ҳудудларга юборилади. Шу ва бошқа чора-тадбирлар билан ҳукумат жорий ва келгуси йилдан кўкнори етиштиришга қарши курашиш саъй-ҳаракатларини янада кучайтирмоқчи. Жумладан, афғон аёлларини зироатчиликка жалб этиш дастури доирасида оилаларга заъфарон пиёзи уруғлик сифатида бепул тарқатилади, қишда ҳам ишлаш имконини берадиган иссиқхоналар қуриш учун техник ёрдам кўрсатилади, шунингдек, жўжалар, асалари қутилари берилади, асал етиштириш сирлари ўргатилади.

Қолаверса, қарийб 30 мингта хонадонга томорқалар яратиш учун кўмак кўрсатилади. Қўзиқорин етиштириш учун 1030 та участка ажратилади, уй хўжалиги шароитида 20 мингга яқин ихчам паррандачилик фермалари очилади. Пировардида хотин-қизлар ушбу юмуш билан уйдан кўчага чиқмай шуғулланади ва оиласига даромад келтиради. Шундай қилиб уларнинг ноқонуний экин плантацияларига бўлган боғлиқлиги бартараф этиб борилади.

Қундуз музофоти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Наби Рауфи ҳам деҳқонларга трактор тарқатиш ва фермерлар оиласига ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма олганини тасдиқлаган. 

“Биринчидан биз нон тарафдоримиз, сабаби шу бўйича ҳар йили муаммо пайдо бўлади. Иккинчидан, картошка, карам ва сабзининг энг яхши голландча уруғларини экиш билан шуғулланмоқчимиз”, - дейди у.

Сари-Пул музофотининг соҳага масъул раҳбари Муиниддин Айнининг қайд этишича, ёрдам, аввало, турмуш ўртоғи йўқ ёки ногирон бўлган аёлларга кўрсатилади. Сабаби бундай эҳтиёжманд оналар рўзғор тебратиш учун болалари билан кўкнори ҳосилини йиғиш билан шуғулланади. 

“Уларнинг уйларида парранадачилик фермаларини қуриб берамиз, ўзлари гўшт ва тухум етиштириб, сотади. Олган даромади билан оиласини таъминлаб, кўкноричиликка бошқа боғланмайди”, - дейди у.

М. Айнининг айтишича, оддий деҳқонлар(асосан аёллар) кўкнори кўсагини кесиб йиғаётган пайтда кўпинча бармоғини жароҳатлаб олади. Жароҳатдан чиқаётган қонни сўриб ташлар экан, ўзлари беихтиёр гиёҳванд бўлиб қоладилар. Бундан ташқари, кўпчилик аёллар эмизикли болаларини шундай экин плантацияларига олиб чиқишади. Чақалоқ безовта бўлган пайтда уни тинчлантириш мақсадида кўпинча кўкрак тутиш ўрнига ўз бармоғини боласининг оғзига солади. Шундай қилиб улар гўдаклигидаёқ ўзлари билмаган ҳолда наркотик моддаларга боғланиб қолади. “Ҳукумат дастури мамлакатда гиёҳвандлар сонини камайтиришга хизмат қилади”,  - дейди у.

Айни пайтда Афғонистон шимолий минтақаларидаги “Толибон” жангарилари гуруҳи аҳолини Америка тракторлари ва бошқа иттифоқдошлар ёрдамини олишдан бош тортишга чақирди. Агар одамлар бу гапга қулоқ солмаса, тракторларни олиб қўйиб, “қулоқсизлар” шафақтсиз жазоланиши билан қўрқитган.

Бадахшон, Фарёб, Саманган ва Тахар аҳолисидан эса маҳаллий ҳокимият органлари қишлоқ хўжалиги ажратган техника воситаларини етказиб бера олмаслиги ҳақида мурожаатлар келиб тушган. Бунга жавобан вазирлик вакиллари ўз ёрдамини деҳқонларга етказиб беришда керак бўлса афғон миллий армияси кўмагидан фойдаланиш масаласини кўриб чиқаяпти.   

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам жорий йил январь ойида Афғонистон халқига 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техникасини ҳадя этганди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn