НАТО Европада киберамалиётлар бошқаруви марказини очади
  • 16 Февраль 2018

НАТО Европада киберамалиётлар бошқаруви марказини очади

НАТОнинг Европада Атлантика ва логистика бўйича иккита қўмондонлик маркази ҳамда киберамалиётлар бошқаруви маркази очилади. Яқинда Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган мазкур ташкилотга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари учрашувида ана шу масалалар кўриб чиқилди, деб ёзади “РБК”.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг шу муносабат билан ўтказилган матбуот анжуманида таъкидлаганидек, қўмондонлик тузилмаларининг модернизация қилиниши “альянс мағзи” дея эътироф этиладиган 29 мамлакатга бир мушт бўлиб миссиялар ва амалиётларни бажариш, ўқув машғулотлари олиб бориш, кескин вазиятларда “тўғри вақтда ва тўғри жойда зарур кучлар билан” ҳаракатланиш имконини беради.

Атлантика бўйича қўмондонлик маркази Шимолий Америка ва Европа ўртасидаги сув коммуникациялари муҳофазаси билан шуғулланса, Европа бўйича логистика маркази таъминот ҳамда ҳарбий кучлар ва воситаларни тезкорлик билан етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, бу борадаги инфратузилма ва норматив-ҳуқуқий базани ривожлантиришга масъул бўлади.

Бош котиб, шунингдек, НАТОга аъзо давлатларни мудофаа харажатларини кўпайтиришга чақирди. Жорий йилги режаларга кўра, уларнинг ичида 8 мамлакатнинг шу бўйича ажратадиган маблағлари ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизини ташкил этади. 2024 йилга келиб ана шундай давлатлар сони 15 тага етказилади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn