«Соғлом бола йили» Давлат дастури Францияда тақдим этилди
  • 09 Июнь 2014

«Соғлом бола йили» Давлат дастури Францияда тақдим этилди

Парижда “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилиши жараёнлари ҳамда “Авиценна — Франция” ассоциацияси ташкил қилинганининг 10 йиллигига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Тадбир мазкур ассоциация ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Брифингда Франциянинг ижтимоий-сиёсий, илмий-академик, маданий-гуманитар доиралари, Парижда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва дипломатия корпуси вакиллари қатнашди.   

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб соғлом ва ҳар томонлама баркамол ривожланган авлодни тарбиялашга устувор масала сифатида эътибор қаратиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йил мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани ушбу оқилона сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури фарзанднинг туғилиши, тарбияланиши, тиббий хизмат ва таълим олиши, оилада соғлом муҳитнинг мустаҳкамланиши, ҳукумат томонидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар самарадорлиги оширилиши сингари кенг кўламли масалаларни қамраб олган.  

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги қатор лойиҳаларнинг амалга оширилишида хорижлик шериклар, шу жумладан, “Авиценна — Франция” ассоциацияси катта ёрдам кўрсатмоқда. Алоҳида таъкидланганидек, ушбу ассоциация 10 йил давомида Ибн Синонинг илм-фан, фалсафа ва тиббиёт соҳаларидаги илмий ишларини Франция ҳамда Европада оммалаштиришга бебаҳо ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистондаги касалхоналарнинг тиббий жиҳозлар билан таъминланишига кўмаклашиш, Францияда ўзбек шифокорлари учун қайта тайёрлаш курсларини ташкил қилиш ушбу ассоциация фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

“Авиценна — Франция” ассоциацияси президенти Марк БОННЕЛЬ брифингда сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатда мустақиллик йиллари давомида турли соҳаларда, жумладан, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва таълим жабҳаларида катта ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилганини, республика раҳбариятининг жиддий эътибори остида ўзбек халқининг бой маданий ва маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда қайта тиклаш борасида амалга оширилган кенг миқёсли ишлар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини алоҳида таъкидлади.  

— Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг иштирокчиси сифатида “Авиценна — Франция” ассоциацияси фаолиятига берган баҳоси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман, — деди М. Боннель. — Биз Ўзбекистонда иш олиб бориш асносида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилишида, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиши ва донорлик қони билан таъминлашда иштирок этмоқдамиз. Бугунги кунга келиб, мамлакатда тиббиёт инфратузилмаси ва умуман соғлиқни сақлаш тизими юқори даражада ривожланди. Бизнинг ассоциациямиз Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга, Ибн Сино меросини тадқиқ қилиш, тиббиёт, маданият, таълим ва сайёҳлик соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишга содиқдир.  

 “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида тадбирнинг айрим иштирокчилари Ўзбекистонда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат сиёсати юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

 Алэн МОРЕ, 

«Руэй-Мальмезоннинг биродарлашган шаҳарлари» ассоциациясининг президенти: 

— Ассоциациямиз аъзоларидан иборат катта бир гуруҳ жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда бўлдилар. Мазкур танишув сафари чоғида Руэй-Мальмезон билан биродарлашган шаҳар — Бухорода қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Фурсатдан фойдаланиб, ўз тарихини юксак қадрлайдиган ўзбек халқига бўлган чексиз ҳурматим ва эҳтиромимни изҳор этишни истардим. Ўзбекистон заминида туғилган ҳамда ижод қилган ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг илмий фикрларига Европада, шу жумладан, Францияда жуда катта ҳурмат билан қарашади.  

Шунингдек, биз 2014 йил Ўзбекистонда “Соғлом бола йили” деб эълон қилинганини ҳам юксак қадрлаймиз. Бу борадаги Давлат дастурининг амалга оширилиши соғлом, ўз аждодларига муносиб бўлган ва ҳар томонлама баркамол авлоднинг шаклланишига кўмаклашади, деб ҳисоблаймиз.

Мериям СЕБТИ, 

Франция Илмий тадқиқотлар миллий марказининг эксперти:

— Энг аввало, яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ибн Синонинг фалсафага, илмий фаолиятига оид ўз маърузам билан қатнашганимдан бениҳоя мамнун эканлигимни айтишни хоҳлар эдим. Мен Ўзбекистонда ёш мутахассислар, илмий кадрлар, француз ва бошқа хорижий тиллар бўйича таржимонлар тайёрлашнинг даражаси юқори эканлигига шахсан гувоҳ бўлдим. 

Умид қиламанки, Самарқанд конференцияси ўзининг амалий натижаларини беради. Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, мазкур халқаро анжуман мамлакатингиз ҳамда хорижий давлатларнинг илмий марказлари ва университетлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. 

«Жаҳон» АА.

Париж

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn