37 йилда биринчи марта
  • 06 Июнь 2014

37 йилда биринчи марта

Евроҳудудга аъзо мамлакатлар оғир молиявий-иқтисодий инқироз шароитидан аста-секин чиқа бошлаётган бўлса-да, бу ҳолат ҳали меҳнат бозорига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатгани йўқ, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида Италияда ишсизлик даражаси 13,6 фоизга етган. Мамлакат миллий статистика хизмати — “Istat” маълумотларига кўра, бандлик билан боғлиқ бундай салбий кўрсаткич Италияда сўнгги 37 йил ичида илк бор қайд этилди. Айниқса, ёшлар ўртасидаги ишсизлик жиддий муаммо бўлиб турибди. Чунки айни пайтда меҳнатга лаёқатли йигит-қизларнинг 46 фоизи бекорчиликда кун кечираяпти.
Меҳнат бозорида юзага келаётган муаммолар туфайли Италия ягона валюта бирлигига аъзо давлатлар орасида ишсизлик кўрсаткичи юқорилиги бўйича Греция ва Испаниядан кейин учинчи ўринга кўтарилган.

Тахмин ўзгарди
Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) ўтган йилнинг декабрь ойида 2014 йилда жаҳон авиасаноати йўловчилар ташишдан 18 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад олишини башорат қилганди.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ана шу тахмин 3,5 фоизга пасайтирилди. Экспертларнинг фикрича, дунё иқтисодиётида бу йил ўсиш бир оз суст кечмоқда. Бу авиасаноатга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Қолаверса, авиакомпанияларнинг ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари учун ажратадиган харажатлари ортиб, улар тўлаётган солиқлар миқдори ҳам  ошган.

Саломатлигингизни телефонда аниқланг
АҚШнинг “Apple” компанияси “iPhone” смартфонини инсон саломатлигини назорат қилиб борувчи дастурлар билан бойитиш бўйича изланишлар олиб бормоқда.
Келажакда мобиль телефонлар ёрдамида одамнинг жисмоний фаоллиги, томир уриши ва қон босими ҳақидаги маълумотларни билиб олиш имконияти яратилади. Бу ҳақда компания мутахассислари Жаҳон дастурчилар конференциясида маълум қилишган.
Экспертларнинг изоҳлашича, “Apple” бу билан ҳозир смартфонлар бозорида юзага келган кучли рақобатни янада фаол енгиб ўтишни мақсад қилган ва бунга эришиши ҳам мумкин. Чунки саломатликни назорат қилиб борадиган “iPhone”лар омма эътиборини тортиши табиий.

Қимматбаҳо футболчилар
Аргентина терма жамоаси ва “Барселона” клуби ҳужумчиси Лионель Месси айни пайтда дунёнинг энг қиммат футболчисидир.
Халқаро спорт тадқиқотлари маркази (“CIES”) томонидан эълон қилинган ҳисоботда шундай дейилган. Унга мувофиқ, Мессининг трансфер нархи 200 — 232 миллион евро атрофида. Тузилган рўйхатнинг иккинчи поғонасидан жой олган Португалия терма жамоаси ва “Реал” (Мадрид) клуби аъзоси Криштиану Роналду эса 105 — 122 миллион еврога баҳоланган. Учинчи поғонада “Ливерпуль”нинг уругвайлик ҳужумчиси Луис Суарес (98 — 114 миллион евро) қайд этилган.
Рейтингни тузишда футболчининг жамоаси билан тузган шартнома муддати, унинг майдонда тўп сурадиган чизиғи, клуби эришган натижалар ва бошқа яна кўплаб жиҳатларга эътибор қаратилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn