Ҳаво ҳароратининг ўзгариши: Сабаблар ва оқибатлар
  • 19 Январь 2018

Ҳаво ҳароратининг ўзгариши: Сабаблар ва оқибатлар

Метеокузатувлар тарихида 2017 йил энг иссиқ учта мавсумдан бири деб топилди. 

Жаҳон метеорология ташкилоти(ЖМТ) эълон қилган маълумотда келтирилишича, ўтган йил Ер юзасининг ўртача ҳарорати Цельсий бўйича саноатлашув давригача кузатилган об-ҳаво кўрсаткичидан 1,1 даражага юқори бўлган. 

ЖМТнинг янги маърузасида, 2015, 2016 ва 2017 йиллар энг илиқ йиллар сифатида тасдиқланди. Бу иқлим ўзгариши, атмосферада парник газларининг меъёридан кўпайиб кетишининг рад қилиб бўлмайдиган исботидир.

Бу борадаги жаҳон рекорди ҳозирча 2016 йилга “тегишлилигича” қолган. Бироқ эътиборли томони, 2017 йил дунё бўйича йиллик ҳароратнинг сезиларли кўтарилишига олиб келадиган Эль-Нино ҳодисаси — Иқлимга сезиларли таъсир ўтказувчи Тинч океанининг экваториал қисмидаги сув устки қатлами ҳароратининг ўзгариши юз бермади. Шунга қарамай, ушбу давр энг иссиқ йиллардан бирига айланди. 

“Кузатувлар бошлангандан буён ўтган энг иссиқ 18 йилнинг 17 таси ҳозирги асримизга тўғри келмоқда. Айниқса, ҳавонинг исиш даражаси охирги уч йилда ўтган йиллардагидан мутлақо фарқ қилади. Арктикада ҳаво ҳароратининг кўтарилиши қайд этилгани бунинг далилидир. Чунки бундай ҳодиса денгиз сатҳи ва сайёрамизнинг бошқа қисмларидаги об-ҳаво режими(кундалик тартиби ёки хусусиятлари)га чуқур ҳамда узоқ вақт таъсир ўтказади”, — дейди мазкур ташкилот Бош котиби Петтери Таалас.

2017 йилда глобал миқёсдаги ўртача ҳарорат 1981-2010 йиллардаги шу каби кўрсаткичдан (14,3 даража) қарийб 0,46 даража юқори бўлди.

“2017 йилда иссиқ ҳаво ҳарорати дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги кескин об-ҳаво шароити билан биргаликда кузатилди. АҚШда ўтган йил табиий ва иқлимга хос офатлар етказган талафотларни қоплашда энг кўп маблағ сарфланган йилга айланди. Бошқа давлатларда шу пайтда тропик довуллар, сув тошқинлари ва қурғоқчилик туфайли тараққиёт секинлашди ёки ривожланиш умуман бўлмади”, — дейди жаноб Таалас.

Бош котиб шу йил март ойида бу борадаги тўлиқ маълумот тақдим этилишини билдириб ўтди. Унда ҳаво ҳароратининг муфассал таҳлили, энг кўп таъсир кўрсатган ва асоратлар қолдирган ҳодисалар, шунингдек, атмосферада карбонат ангидрид гази концентрацияси даражаси ортиши, Арктика ва Антарктика музликлари узунлиги, денгиз сатҳи ва океанлар шўрлашиш даражасига оид маълумотларни ўзида қамраган иқлим ўзгаришининг узоқ муддатли кўрсаткичлари жой олади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn