Буюк Ипак йўли харитасининг 30 метри топилди
  • 12 Декабрь 2017

Буюк Ипак йўли харитасининг 30 метри топилди

Пекиндаги Гугун музейи жамланмаси яқинда Буюк Ипак йўлининг антиқа харитаси билан бойиди.

Бу ҳақда Синьхуа ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Харита узунлиги 30,12 метр эни 59 сантиметр бўлиб, у ипак матога чизилган. Унда  қадимий карвон йўллари жойлашган 211та шаҳар ва қишлоқлар номи қайд этилган. 

Эътиборлиси, ушбу шаҳарлар орасида  Самарқанд, Ҳирот, Исфахан ва Дамашқ шаҳарлари ҳам бор. Харита Хитойнинг шимоли — ғарбидаги “Цзяюйгуань” чегара қўриқ пунктидан бошланади.

Харитага асосан, Буюк Ипак йўли Осиё Африка қитъаларида жойлашган 10та мамлакат ҳудудлари — Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Эрон, Сурия, Ироқ, Саудия Арабистони ва Миср орқали ўтади. Харитага кўра, Буюк Ипак йўли Макка шаҳрида тугайди.

Харита Хитойда 1368 – 1644 йилларда қироллик қилган Мин  династияси даврига  мансуб бўлиб, у  1930 йиллардан буён Японияда сақланиб келган экан.

Қизиғи шундаки, японияда уни Мин династияси даврида чизилган табиат манзараси деб ҳисоблашган экан. Бунга сабаб – харитада кўрсатилган барча шаҳар ва жойлар номлари мўғул, форс ёки араб тилида битилгани бўлган.

Улкан тарихий аҳамиятга эга бўлган ушбу ноёб топилма Shimao Group компанияси раҳбари Сюй Жунмао томонидан 20 млн. АҚШ долларига сотиб олиниб Гугун музейига совға қилинган.

Олимлар фикрига кўра, ушбу харита тўлиқ эмас, аслида унинг узунлиги 40 метрлар бўлиши керак. Айни дамда харита реставрация қилинмоқда.

Тарихчи олимлар фикрига кўра, Буюк Ипак йўлига Хитойда милоддан олдинги 206 йилдан – 23 йилга қадар ҳукуматни бошқарган “Ғарбий Хань” династияси даврида асос солинган. У Хитойнинг Сиань шаҳридан бошланиб Италиянинг Рим шаҳрига қадар етиб борган.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn