Рейтингдаги ўзгариш
  • 24 Май 2014

Рейтингдаги ўзгариш

Греция иқтисодиётида ижобий томонга силжиш кузатилаётгани сабабли “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги ушбу мамлакат рейтингини “В-”дан “В” — “барқарор” даражасига кўтарди.

Бу мазкур ташкилотнинг сўнгги ўн кун ичида Греция рейтинги бўйича эълон қилган иккинчи хулосасидир. Гап шундаки, 15 майда “Fitch Ratings” унинг даражасини “CCC”дан “В-”га оширганди. Манбада изоҳланишича, Греция ҳукумати бюджет тақчиллигини қисқартириш йўлида фаол иш олиб бормоқда. Айни шу жиҳат унинг рейтингини кўтаришига асос бўлаяпти.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсиридан энг кўп азият чеккан Болқон яриморолидаги мазкур давлат ҳозиргача халқаро кредиторлардан 240 миллиард евро миқдорида ёрдам олган. Бунинг эвазига қаттиққўл иқтисодий сиёсат юргизиб бўлса-да, бюджет тақчиллигини камайтириш шарти қўйилган.

Қимматбаҳо савдо белгиси
Буюк Британиянинг “Millward Brown Optimor” тадқиқот компанияси 2013 йилдаги энг қиммат савдо белгилари рейтингини эълон қилди.
Мазкур рўйхатнинг биринчи поғонасини 159 миллиард АҚШ долларига баҳоланган “Google” бренди эгаллади. Унинг қиймати 2012 йилдагига нисбатан 40 фоиз ошган бўлиб, “Google” бу борада ҳатто кетма-кет уч йилдан буён етакчиликни бой бермай келаётган “Apple” компаниясидан ҳам ўзиб кетган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, “Google” инновацияларга алоҳида эътибор қаратиб, шундай муваффақиятга эришди.

Мавсум эрта якунланди
Испанияда ҳар йили икки мингга яқин буқа жанги — коррида ўтказилади.
Аммо икки кун аввал Мадрид шаҳридаги “Лас-Вентас” аренасида ташкил этилган шундай томоша вақтида бир йўла уч нафар матадорнинг жароҳатлангани туфайли жорий мавсумга белгиланган барча жанглар бекор қилинди. Маҳаллий “El Pais” нашрида ёзилишича, ўша кунги шоуга иккита жонивор келтирилган. Дастлабки жангда улардан бири матадор Давид Моранинг оёғига жиддий шикаст етказган. У жуда оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган. Қолган икки мутахассис эса иккинчи буқа ҳамласидан зарар кўришган.
Испаниядаги корридада матадорларнинг жониворларга мағлуб бўлиши сабабли барча ўйинларнинг бекор қилиниш ҳолати сўнгги 35 йил ичида биринчи марта қайд этилди.

Илонлар... уқаловчи
Филиппиннинг Себу шаҳрида жойлашган ҳайвонот боғи маъмурияти сайёҳларга антиқа хизмат таклиф қилмоқда.
У ҳам бўлса, бепул массаж. Қизиқ жиҳати, уни одамлар эмас, ҳайвонот боғидаги оғирлиги 250 килограммга тенг бўлган тўртта илон амалга оширади. Аммо ҳозирча бу таклифга ҳеч ким розилик бергани йўқ.
Изоҳланишича, йирик илонлар тана устида 10-15 дақиқа ҳаракатланса, одам тинчланиб, ором оларкан.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn