Қадимий Кордовада Ўзбекистон ҳақида кўргазма
  • 02 Ноябрь 2017

Қадимий Кордовада Ўзбекистон ҳақида кўргазма

 

Шу кунларда Испаниянинг қадимий Кордова шаҳрида санъат мухлислари ўзбекистонлик таниқли фотоижодкор Макс Пенсоннинг суратлари кўргазмасидан баҳраманд бўлишмоқда. Унда намойиш этилаётган асарларда ўзбек халқининг ўтган аср 20 — 40-йилларидаги ҳаёти ва меҳнат тарзи ҳамда бой анъаналари ўз аксини топган.

137 та ижодий ишдан иборат бўлган мазкур экспозиция Кордованинг тарихий мавзесида жойлашган “Vimcorsa” кўргазмалар залида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинмоқда. 

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида шаҳар мэрининг ўринбосари Д. Луке, “Vimcorsa” директори А. Доблас, санъат ҳомийси, коллекциячи ва санъатшунос Р. Комачо ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. 

Сўзга чиққанлар бундан 70 — 90 йил бурун тасмага муҳрланган суратлар испанияликларга Шарқнинг ўрганилмаган нафислигини, ўзбек халқининг гўзал қадриятлари ва ўзига хосликларини очиб беришини қайд этдилар. Ушбу кўргазма бугунги авлод вакилларига Ўзбекистоннинг тарихи, бой маданияти билан яқиндан -танишиш имкониятини яратганини таъкидладилар. 

Жумладан, шаҳар мэрининг ўринбосари Давид Луке мазкур кўргазма Кордова маданий ҳаётидаги жуда муҳим воқеа эканлигини билдирди. 

— Мамлакатларимиз ва халқларимизнинг ўзаро алоқалари XV асрга бориб тақалади, — деди у. — Тарихдан маълумки, Кастилия қироли Энрике III ва Шарқнинг буюк ҳукмдори Амир Темур ўртасида биринчи дипломатия алоқалари йўлга қўйилган. Самарқанд сари бу ажиб саёҳатнинг ўтмиши бугунги кунларда ҳам Ўзбекистоннинг кўҳна анъаналари ва маданиятига нисбатан қизиқишни оширади. Ўйлайманки, таниқли фотоижодкор Макс Пенсоннинг суратлари кўргазмаси ташкил этилгани халқларимизнинг янада яқинлашиши ҳамда бир-бирларини яхши тушунишларига кўмаклашади. 

Экспозициядан ўрин олган асарлар ҳақидаги фикрларини ўртоқлашар экан, “Vimcorsa” галереяси директори Аруада Доблас ижодкорнинг фоторепортажларида оддий одамлар — пахтакорлар, темирчилар, муаллим ва ишчилар акс этгани эътиборга моликлигини айтди. “Бу суратлар ўтган асрнинг бошларида тасмага туширилган бўлишига қарамасдан, улар ўз касбининг устаси томонидан тайёрлангани кўриниб туради. Суратларда акс этган образлар орқали ҳам ўзбек халқининг очиқкўнгиллиги ва саховатини, меҳнатсеварлиги ҳамда буюк маънавиятини англаш мумкин. Кўргазма кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди. 

Мазкур кўргазма 2018 йилнинг 7 январига қадар давом этади. Тадбир доирасида “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман” бадиий фильмлари ҳамда мамлакатимизнинг Испаниядаги дипломатия миссияси томонидан тақдим этилган ўзбек мумтоз мусиқаларидан намуналар ҳам намойиш қилинади.

Кўргазманинг очилиш маросими Кордованинг “PTV Noticias” телеканали орқали томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. 

«Жаҳон» АА.

Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn