Италияда Ўзбекистон тўқимачилик саноати имкониятлари тақдим этилди
  • 15 Октябрь 2017

Италияда Ўзбекистон тўқимачилик саноати имкониятлари тақдим этилди

Италиянинг Турин шаҳридаги Марко Поло галереясида Ўзбекистон тўқимачилик саноати салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг Римдаги элчихонаси ҳамда Италиянинг “Beltepa” маданий уюшмаси ҳамкорлигида “Osiyo Ramzi” Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар ассоциацияси кўмагида уюштирилган мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон енгил саноат маҳсулотлари экспозицияси ҳам ташкил қилинди. Унда атлас, адрас, бахмал, сўзана ҳамда бошқа миллий газламалар ва ўзбек каштачилигининг намуналари намойиш этилди.

Тадбирда замонавий саноат корхоналарига эга бўлган Ўзбекистон халқ ижодиётининг юксак маданияти ҳамда кўҳна халқ амалий санъати ўлкаси сифатида ҳам ном қозонгани айтиб ўтилди. Шу ўринда ҳунармандлар, миллий матоларни яратиш устида иш олиб бораётган ёш дизайнерлар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганига алоҳида урғу берилди.

Тақдимот қатнашчилари ўзбек тўқимачилари ишлаб чиқараётган газламалар сифати, ранглари жилосини юқори баҳолашаркан, улар жаҳон андозаларига жавоб беришини таъкидладилар. Италиялик экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон енгил саноат маҳсулотларининг Европа бозорларига экспорти кўламларини кенгайтириш борасида улкан салоҳиятга эга.

Тақдимот якунлари бўйича “Beltepa” маданий уюшмаси ва Марко Поло галереяси “Osiyo Ramzi” ассоциацияси кўмагида 2018 йили Ўзбекистон тўқимачилиги тақдимотини ҳамда Италиянинг Турин ва Бергамо шаҳарларида “Ўзбек матолари ҳамда миллий либос-ларининг кўркамлиги” деб номланган кўчма кўргазмани ташкил қилиш тўғрисидаги келишувга эришилди.

Шу билан бирга, 2017 йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент мода ҳафталигида туринлик олти нафар дизайнернинг қатнашиши ва келгуси йили Турин мода ҳафталигида ўзбек дизайнерларининг иштироки режалаштирилди.

Тақдимотда “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири италиялик айрим мутахассислар билан суҳбатлашди.

— Маълумки, Ўзбекистон енгил саноат соҳасининг дунёдаги йирик марказларидан бири ҳисобланади, — деди “Beltepa” маданий уюшмаси раиси А. Алотто. — Тошкентда етакчи маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар иштирокида мода ҳафталикларининг ўтказилиши Италияда ўзбек фэйшен-индустриясига, “люкс” туркумли либосларга бўлган қизиқишни янада оширди. Шуниси қувонарлики, тадбирларда Италия Мода палатасининг фахрий президенти Марио Бозелли, Антонио Замбелли сингари таниқли дизайнерлар ҳам қатнашдилар.

Ўзбекистонлик мутахассислар ўз эътирофини топган мактабларнинг биронтасига ҳам ўхшамайдиган ўзига хос мода услубини яратишга муваффақ бўлдилар ва бу билан жаҳон мода оламида ҳурмат қозондилар. Бугунги кунда дунёга машҳур “Gucci” ҳамда “Cavalli” сингари мода уйлари ўзбек матоларидан кенг фойдаланмоқда.

Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари, асосан, маҳаллий пахта, ипак ва жундан тайёрланаётгани уларнинг юқори даражасини белгилаётгани баробарида, европалик харидорларни ҳам ўзига кўпроқ жалб қилаяпти.

— Тақдимотда биз ўзбек матолари тарихи бўйлаб қизиқарли саёҳат иштирокчилари бўлдик, — деди Марко Поло галереяси директори М. Бруно. — Ўзбек халқи ўзининг бой маданий меросини қандай сақлаб қолгани ҳамда оммалаштиргани кишида ёрқин таассурот уйғотади. Шунинг учун ҳам улар хорижлик сайёҳларни ўзига тортади. Шубҳа йўқки, анъанавий ҳунармандчилик билан бирга, юқори сифатли тўқимачилик ишлаб чиқариши ва замонавий мода услублари ҳам Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида янада кўпроқ танилишига, маҳсулотларининг экспорт кўламини кенгайтиришга кўмаклашади.

Ишончим комилки, биз 2018 йили Турин ҳамда Бергамо шаҳарларида ўтказишни режалаштираётган тадбирлар ўзбек дизайнерларининг Италия ва умуман, Европа бозорларига янада чуқур кириб боришида асқатади.

«Жаҳон» АА.

Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn