Ўзбекистон ҳақида махсус кўрсатув
  • 14 Июль 2017

Ўзбекистон ҳақида махсус кўрсатув

Япониянинг етакчи “NHK World” телеканали Ўзбекистон ҳақидаги махсус кўрсатувни намойиш этди. Токиода “Жаҳон” АА мухбирига маълум қилишларича, ушбу кўрсатувни Осиё қитъасида 350 миллиондан зиёд муштарийлар томоша қилган.

Ўзбекистоннинг ижтимоий, сиёсий ҳамда иқтисодий ривожланиши ҳақидаги батафсил маълумотлар мазкур дастурдан ўрин олган. Кўрсатув муаллифлари, жумладан,  минтақадаги қўшни давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Тошкент томонидан ташланаётган фаол қадамларга алоҳида эътибор қаратишди.  

Кўрсатувда республикамиз иқтисодиётида кузатилаётган ўзгаришларга юқори баҳо берилди.  Япон журналистлари 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор  йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилгани ва ҳозирнинг ўзидаёқ ушбу муҳим дастуриламал ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ қилиниши доирасида хўжалик муносабатларини либераллаштириш, юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш, хорижий сармоялар ҳажмларини ошириш юзасидан салмоқли муваффақиятларга эришилаётганини алоҳида қайд этдилар. 

“Сайёҳлик жабҳаси катта рағбатга эга бўлди. Ўзбекистон республикага келадиган хорижлик сайёҳлар оқимини бир неча маротаба кўпайтириш, хорижлик шериклар билан биргаликда қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришни режалаштирмоқда”, дея таъкидлади “NHK World”.

Анъанага кўра, японлар Ўзбекистонни сайёҳлик ўлкаси сифатида севишади. Телекўрсатув муаллифлари шу ҳақда тўхталар экан, жорий йилнинг баҳор фаслида чартер ҳаво қатнови воситасида япон сайёҳларининг уч маротаба Ўзбекистонга сафари уюштирилгани ва йил охирига қадар яна еттита қатновни амалга ошириш мўлжалланаётганини томошабинларга маълум қилдилар. 

«Жаҳон» АА.

Токио

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn