Тошкентдан Остонага қадар: Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига доир
  • 07 Июнь 2017

Тошкентдан Остонага қадар: Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига доир

Хабар берилганидек, 2017 йил 8-9 июнь кунлари Қозоғистон пойтахтида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти низомининг олий органи — бирлашмага аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. Унинг ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Шуни таъкидлаш жоизки, олий даражадаги учрашув Қозоғистон раислиги доирасида ўтказиладиган туркум тадбирлар билан тўлдирилади. Хусусан, олий даражадаги учрашув олдидан Остонада ШҲТга аъзо давлатларнинг маданият ва мудофаа вазирлари учрашмоқдалар. Саммит кунлари эса ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ҳамда ШҲТ Банклараро бирлашмасининг йиғилишлари бўлиб ўтади.

Давлат раҳбарларининг бўлажак тор доирадаги ва кенгайтирилган таркибдаги (кузатувчи мамлакатлар ҳамда мулоқот бўйича шериклар иштирокида) музокараларида ташкилот доирасидаги амалий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилади. Шунингдек, учрашув қатнашчилари минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашадилар.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг қарори билан Ҳиндистон ва Покистоннинг ушбу бирлашмага қабул қилиниши жараёнлари ниҳоясига етади. Экспертларнинг олдиндан фикр билдиришларича, Деҳли ҳамда Исломободнинг тўла ҳуқуқли аъзолиги ташкилот фаолиятига сифат жиҳатидан янгича мазмун бахш этади. Хусусан, бу икки йирик мамлакатни ўз сафига қабул қилиш асносида ШҲТ терроризм билан кураш соҳасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштиради. Улар томонидан мазкур соҳада тўпланган амалий тажриба бирлашмага аъзо бошқа давлатларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин.

Жанубий Осиёдаги икки ўта муҳим мамлакатнинг ШҲТ аъзолигига қабул қилиниши транспорт-коммуникация ҳамкорлигини ривожлантириш учун ҳам кенг истиқболларни очади: бу Трансафғон транспорт-коммуникация йўлагини ҳамда “Марказий Осиё — Форс кўрфази” трансминтақавий лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашади. Ушбу артериялар келажакда Жанубий ва Марказий Осиё, Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги асосий боғловчи бўғин бўлиб қолиши муқаррар.

Ташкилотга аъзо давлатлар етакчилари терроризм ва экстремизмга қарши кураш, ШҲТ маконида тинчлик ҳамда хавф-сизликни мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлик оқимини кучайтириш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришни кўзда тутадиган қатор ҳужжатларни ҳам тасдиқлайдилар.

Саммит якунига кўра, ташкилотнинг ўтган йиллар давомидаги фаолиятига баҳо берувчи ва унинг келгуси ривожланиш истиқболлари белгиланадиган Остона декларациясини қабул қилиш кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосчи давлатларидан бири саналади. Ўтган йиллар давомида Тошкент унинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб келди ҳамда бу йўлдаги фаолият давом этмоқда. Республикамиз уч марта — 2004, 2010 ва 2016 йилларда ташкилотга раислик қилди ҳамда мазкур даврларда ҳар гал фаолият даражасининг янада юқори кўтарилгани, ШҲТнинг институционал салоҳияти янада гуркурагани ва ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши ҳамда халқаро майдонда тузилма нуфузининг ошиши таъминланганини таъкидлаш қувонарлидир.

Эслатиш ўринлики, 2004 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан хавфсизлик кенгашлари котибларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилган эди. Ўзбекистон пойтахтида ШҲТнинг Минтақавий антитеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси жойлашган. Жорий йилда “Шанхай оиласи”га қўшиладиган Ҳиндистон ва Покистон Эрон ҳамда Мўғулистон билан бирга кузатувчи давлат мақомини айнан Ўзбекистон раислиги даврида олган эди.

2010 йили Тошкентда ШҲТ ва БМТ котибиятлари Ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар ҳамда бу икки тузилма ўртасида алоқаларга замин бўлди. Ўша йили ШҲТнинг Иш юритиш қоидалари ва ШҲТга янги аъзоларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом имзоланди. Республикамиз, шунингдек, аъзо давлатларнинг илм-фан ҳамда техника бўйича вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учрашувлари механизмининг ташаббускори бўлди.

2016 йилда ўтган Тошкент юбилей саммити, албатта, тарихий воқеа бўлиб, унинг самарали натижалари эксперт -доираларда ҳамон муҳокама қилинаётгани эътиборга молик. Унинг якунига кўра қабул қилинган ҳужжатлар, жумладан, ШҲТ ўн беш йиллиги декларацияси, ШҲТнинг 2025 йилгача Ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар Қозоғистоннинг ШҲТга 2016/2017 йилларда раислик қилиши учун ҳам мустаҳкам асос яратдики, унинг муваффақиятли хотимаси, шубҳасиз, Остонадаги учрашувлар бўлади.

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn