«The Washington Times»: Ўзбекистондаги диний бағрикенглик бошқа мамлакатлар учун намунадир
  • 25 Май 2017

«The Washington Times»: Ўзбекистондаги диний бағрикенглик бошқа мамлакатлар учун намунадир

АҚШдаги нуфузли “The Washington Times” газетасида “Ўзбекистон диний -бағрикенглик қарор топган юрт” деб номланган мақола чоп этилди. Унда муаллиф Л. Тодд Вуд юртдошларимизнинг бағрикенглиги, Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида сўз юритади.

Муаллиф ўарб оммавий ахборот воситалари дунёнинг турли нуқталаридаги диний адоват, айниқса, Мағрибдан Афғонистонгача бўлган ҳудудларда ҳукм сураётган беқарорлик ҳақида мақола ва материалларга тўлиб-тошганини ёзади. Аммо унинг фикрича, шундай жойлар ҳам борки, у ер аҳолиси, асосан, мусулмон бўлса-да, ўз бағрикенглиги ҳамда замонавийлиги билан ажралиб туради, улар асрлар давомида христианлар, яҳудийлар билан бирга, тинч-тотув яшаб келишмоқда.

Масалан, Марказий Осиёдаги Ўзбекистон кўҳна, шонли тарихга эга. Бу юртдаги кўркам масжидлар, мақбара ва мадрасалар сайёҳларнинг эътиборига тушиши аниқ.

Мамлакатнинг, айниқса, дунёвий давлат сифатида диний бағрикенглик ҳамда гендер тенглигини таъминлагани диққатга сазовор.

Марказий Осиёнинг ушбу давлати Буюк Ипак йўлидаги савдо марказидан бетакрор сайёҳлик масканига айланган. Унинг бой тарихий мероси ғарбликлар ташриф буюриши учун айни муддао ҳисобланади. “Исломнинг асл моҳиятини чуқур тушуниш учун, албатта, сайёҳ сифатида ушбу заминга бориш керак”, дейди муаллиф. Айнан Ўзбекистон Евроосиёнинг бой цивилизацияси, маданияти ва меъморчилиги бебаҳолигини англаб етишга ёрдам берадиган макондир.

Л. Тодд Вуд қадимий Самарқанд шаҳридаги ҳазрати Дониёр мақбараси Ўзбекистонда қарор топган диний бағрикенгликнинг энг ёрқин намунаси эканлигини алоҳида эътироф этади. “Шундай бир неча юз чақирим нарида — Афғонистонда бўлаётган уруш бир неча ўн йиллардан бери одамларнинг тинкасини қуритаётган бўлса, Ўзбекистонда христианлар, яҳудийлар ҳамда мусулмонлар ушбу муқаддас қадамжода биргаликда дуо ўқишади, зиёрат қилишади”, дея ҳайратини баён қилади у.

Маълумки, сайёҳлар диний экстремизм, радикализмдан, қолаверса, аёлларга нисбатан шафқатсиз муносабатдан хавфсирашади. Шу сабабли ҳам муаллиф Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда радикализмга барҳам берганига алоҳида урғу қаратади. “Аёлларга юксак даражада ҳурмат-эътибор кўрсатилади. Ўзбекистон аёл сайёҳлар учун ҳам хавфсиз. Умуман, ушбу давлат ғарблик сайёҳлар учун дунёдаги хавфсиз макон эканлиги билан ном қозонган. Яқин Шарқда христианлар ва бошқа дин вакиллари бошидан кечираётган азоб-уқубатларни оладиган бўлсак, бу жуда ҳам қувонарли ҳолатдир”, деб ёзади муаллиф.

Мақолада юртимизнинг гўзаллиги, ранг-баранглиги, қулай инфратузилмаси ҳам эътироф этилган. У, айниқса, Тошкент метрополитенини алоҳида санъат ҳамда меъморчилик асари сифатида кўрсатиб ўтган. “Чунки бу нафақат қулай транспорт воситаси, айни пайтда санъат ва меъморчилик намунаси ҳамдир. Бундан ташқари, авиақатновлар яхши йўлга қўйилган, Испанияда ишлаб чиқарилган тезюрар замонавий поездлар эса сайёҳлар жонига оро киради”, дея давом этади Л. Тодд Вуд.

Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий ва меъморий меросидан ташқари яна бир муҳим омил ҳам борки, муаллиф фикрича, у учун жонни фидо қилса арзийди. Ўзбек миллий таомлари, айниқса, палов ҳар бир сайёҳнинг хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади. Ўз навбатида, янги тўғралган пиёз билан қўшиб истеъмол қилинадиган кабобдан ҳар бир сайёҳ, албатта, татиб кўриши керак.

Сўнгги йилларда диний радикализм дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган бўлса-да, Ғарб мамлакатлари ислом динининг ўтмишда дунё ҳамжамияти равнақига, айниқса, инновациялар ҳамда фан-таълим ривожланишига қўшган ҳиссасини яхши тушуниши жуда муҳимдир. “Сиз Ўзбекистонга ташриф буюрсангиз, Ибн Сино, 

Ал-Хоразмий сингари буюк алломалар ҳаётидан, фаолиятидан хабардор бўласиз”, дейди у.

Мақолада Ўзбекистонда туризм соҳаси изчил ислоҳ қилинаётгани, туристларга қўшимча қулайликлар яратилаётгани, виза олишда енгилликлар берилаётгани қайд этилган. Буларнинг барчаси мамлакатда сайёҳлар сони 20 фоиз ошишига имкон яратганлигини таъкидлайди.

Муаллиф бугун Хитой Пекиндан Европага қадар Ипак йўлини қайта тиклашга уринаётган бир пайтда, бошқалардан аввалроқ бу ноёб заминни ўзингиз учун кашф қилсангиз, нур устига нур бўлади, дея хулоса қилади.

Қ. ХИДИРОВ 

тайёрлади.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn