Анна Мария Андерс: «Аждодларимиз хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат учун ўзбек халқидан чексиз миннатдормиз»
  • 04 Май 2017

Анна Мария Андерс: «Аждодларимиз хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат учун ўзбек халқидан чексиз миннатдормиз»

Аждодлар хотирасига эҳтиром, кексаларга, юрт тинчлиги ҳамда тараққиётини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган инсонларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш ўзбек халқининг миллий қадриятларига хос фазилатлар сирасидандир.

Республикамизда ҳар йили кенг нишонланадиган Хотира ва Қадрлаш куни ҳам ана шундай эзгу қадриятларга содиқликни намоён этади. Халқимиз Иккинчи жаҳон уруши даврида эвакуация қилинган одамларни ўз бағрига олгани, миллатдошларимизга хос бўлган бағрикенглик фазилати хорижий элларда ҳам ўзининг муносиб акс садосини -бериб келмоқда.

Масалан, Польша Вазирлар Маҳкамаси Канцелярияси вазири ўринбосари, Халқаро мулоқот масалалари бўйича ҳукумат вакили, сенатор Анна Мария АНДЕРС 9 май байрами муносабати билан ўзининг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди:

— Ўзбекистон ҳамда Польшани дўстлик ва бир-бирини тўғри тушуниш муносабатлари ўзаро боғлаб келади. Генерал Владислав Андерс қўмондонлигидаги (суҳбатдош афсонавий қўмондоннинг қизидир — “Жаҳон” АА изоҳи) 60 минг кишилик Польша армиясининг Ўзбекистонда бўлгани бизларнинг муштарак тарихимиздаги ёрқин ҳамда унутилмас саҳифалар ҳисобланади.

Ўзбек халқи уларга нафақат бошпана берди, балки ўзининг сўнгги бир бурда нонини ҳам ватандошларимиз билан баҳам кўргани баробарида, умумий душманга қарши биргаликда кураш олиб борди. Тақдир тақозоси билан польшалик юртдошларимизнинг барчаси ҳам Ватанига қайта олмаган — минглаб юртдошларимиз Ўзбекистон тупроғида дафн қилинган. Бугунги кунда ўзбеклар заминида мангу қўним топган уч минг нафар Польша ҳарбийлари ва фуқаролари дафн этилган жойни ободонлаштириш, саранжом-саришталашга республикангизда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз аждодларимиз хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат учун ўзбек халқидан чексиз миннатдормиз.

Шу билан бирга, нацизмга қарши қаҳрамонларча курашган Ўзбекистон аҳлига ҳам ўз ҳурматимизни изҳор қилишни истардим. Тарихдан маълумки, юз минглаб ўзбеклар ҳам жанг майдонларида ҳалок бўлишган. Польшада ҳам ўзбек жангчиларининг қабрларига эътибор билан қаралади. Уларнинг хотираси бизнинг заминимизда ҳам доимо -барҳаётдир.

Ўзбекистонга жорий йилнинг июнь ойида мўлжалланган ташрифимиз чоғида биз учун қадрли бўлган инсонлар дафн этилган қабристон зиёратини режалаштирганмиз. Шу тариқа ўзида борини польшалик ҳарбийлар билан баҳам кўрган, бевақт ҳаётдан кўз юмган Польша қаҳрамонлари хотирасини ёд этиб келаётган бағрикенг ўзбек халқига таъзим айлаб, ҳурмат-эҳтиромимизни билдирамиз.

Бизнинг маълумот: 1941 йили собиқ иттифоқ ҳудудида генерал Владислав Андерс қўмондонлигида Польша фуқароларидан иборат 62-поляк армияси тузилган. Сўнгра ҳарбий бўлинма Ўзбекистонга жойлаштирилган.

Генерал В. Андерснинг аскарлари, асосан, Тошкент, Навоий, Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд вилоятларида дафн қилинган.

«Жаҳон» АА.

Варшава

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дастлабки чорак таҳлили Ўсиш кузатилди »