Ҳудудий саноат салоҳияти кўзгуси
  • 15 Апрель 2017

Ҳудудий саноат салоҳияти кўзгуси

Урганч шаҳрида анъанавий ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Бухоро, Андижон, Фарғона, Қаш-қадарё, Наманган, Самарқанд, Навоий  ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги саноат корхоналари билан бирга, ҳудудда янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари ҳам ўз маҳсулотларини намойиш қилдилар.

Таъкидлаш лозимки, ушбу нуфузли тадбир воҳадаги мавжуд хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ички тармоқ, тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантириш асосида  бозорни харидорлар дидига мос, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, хом ашё ҳамда бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқариш эвазига четдан олиб келинадиган товарлар ҳажмини қисқартириш каби мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Ярмаркада воҳада фаолият кўрсатаётган қарийб 420 та корхона 840 дан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этди. Гидравлик экскаваторлар, бульдозерлар, маиший газ баллонлари, музлаткич ва совиткичлар, енгил автомобиллар учун бампер ҳамда кичик деталлар, прибор панеллар, аккумулятор моноблоклари каби маҳсулотлар кўргазмага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди. 

— Вилоятдаги ишлаб чиқарувчилар ўртасида мустаҳкам кооперация алоқалари ўрнатишга хизмат қилаётган бундай саноат форумлари келгусида ишлаб чиқариш -ҳажмини янада ошириш имконини беради, — дейди Хоразм вилояти ҳокимиятининг мутасадди вакили Зафар Оллақулиев. — Икки кун давом этган тадбирда ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи савдо корхоналари ҳамда ташкилотлар ўртасида умумий қиймати 34 миллиард 

500 миллион сўмликдан ортиқ шартномалар имзолангани, маҳсулот экспорти бўйича эса 6 миллион 300 минг АҚШ долларилик келишувларга эришилгани эътиборга моликдир. 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn