Савдо муносабатлари ривожланмоқда
  • 01 Май 2014

Савдо муносабатлари ривожланмоқда

 

 

 

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги “Ўзинфоинвест” агентлиги томонидан ташкил этилган Ўзбекистон —Чили бизнес семинари бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги “Ўзинфоинвест” агентлиги директори ўринбосари Ж. Абдураҳимов, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори вазифасини бажарувчи Ж. Мустафоев ва бошқалар чет эл инвестицияларини жалб этиш ҳамда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳиятини юксалтириш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши эканини таъкидлади. 

Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкор мамлакатлар, жумладан, Чили Республикаси билан ташқи иқтисодий алоқалари кенгайиб бормоқда. Масалан, жорий йилда икки мамлакат ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилдагига нисбатан уч баробардан зиёд ошди. Чунончи, Ўзбекистон Чилига енгил саноат маҳсулотлари экспорт қилмоқда, мамлакатимизга келаётган чилилик сайёҳлар сони кўпаймоқда.

Тадбирда иштирок этган мамлакатимиз саноат компаниялари вакиллари  Чили иқтисодиёти, хусусан, ушбу давлатнинг импорт эҳтиёжларига оид зарур маълумотларга эга бўлди. Чили вакиллари мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти ва инвестицион муҳити, миллий маҳсулотларимиз экспортининг устувор йўналишлари тўғрисидаги тақдимотлар билан танишди.

— Ўзбекистон ва Чили ўртасидаги иқтисодий муносабатлар катта истиқболга эга, — дейди қароргоҳи Москвада жойлашган Чили Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хуан Эдуардо Эгигурен Гусман. — Бугунги семинарда Ўзбекистонда  яратилган қулай инвестицион муҳит ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Ўзбекистонлик саноатчилар ва тадбиркорларни Чилининг иқтисодий имкониятлари билан таништирдик. Тез орада Ўзбекистонда ўз савдо ваколатхонамизни ташкил этамиз ва Чили тадбиркорларини ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликка жалб қиламиз.

Бобур ОБИДОВ, ЎзА мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn