Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш юқори самарадорлик гаровидир
  • 12 Апрель 2017

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш юқори самарадорлик гаровидир

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Тошкент ирригация ва мелиорация институти томонидан “Глобаллашув шароитида сув хўжалигини самарали бошқариш муаммолари ва истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция  ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги, Туркманистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Оролни қутқариш халқаро фонди, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Швейцария элчихонаси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Ўздавсувхўжаликназорат”  инспекцияси, Ўзбекистон аудиторлар палатаси, Ўзбекистон бухгалтерлар ассоциацияси, Ўзбекистон катта тўғонлар миллий қўмитаси ва бошқа ташкилотларнинг мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган тадқиқотчи-олимлар қатнашаяпти.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад глобаллашув шароитида сув хўжалигини самарали бошқариш, тармоқда табиий ресурслардан унумли фойдаланиш ҳамда замонавий кадрлар тайёрлаш ва бошқарув тизимини ташкил қилиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини барқарор ривожлантириш, экин майдонлари ҳамда сув сарфи миқдори ҳисобидан максимал даражада фойда олиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминловчи иқтисодий механизмларни жорий этишнинг назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ қилишдан иборат.

Маълумки, сув — тириклик манбаи. Обиҳаётсиз тараққиёт ҳам бўлмайди. Яъни сув иқтисодий, ижтимоий ва  табиий ривожланишнинг муҳим гаровидир.   

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда сув таъминоти жаҳон ҳамжамиятини ўйлантираётган долзарб масалага айланган. Ҳозирги кунда дунё аҳлининг 2 миллиардга яқини шу муаммо таъсирида яшаётгани, 2030 йилга бориб, сув ресурслари танқислиги 40 фоизга етиши мумкинлиги бунинг яққол тасдиғидир. Шу маънода, айтиш жоизки,  эндиликда сув хўжалигида мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, ирригация-мелиорация тадбирларини янада жадаллаштириш, тизимга тежамкор технологияларни изчил татбиқ этишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Мамлакатимизда бу борада муайян ишлар амалга оширилаётир. Бунинг учун махсус дастурлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси изчил таъминланаяпти.  

Сув хўжалиги масаласи Марказий Осиё учун трансмиллий аҳамиятга эга ва унинг ечимини топиш минтақа давлатларининг ҳамкорликдаги ҳаракатига боғлиқ. Бинобарин, Орол денгизи фожиаси бамисоли огоҳликка чорловчи бонгдир. Шунинг учун унга ҳам жиддий эътибор қаратилиб, унинг салбий таъсирларини юмшатиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бундай юмушлар юртимизда 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топган. Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга доир Давлат дастури қабул қилингани бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир. Дастурга асосан, ҳудудда умумий қиймати 8 триллион 422 миллиард сўмга тенг бўлган кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилади. 

— Дарҳақиқат, ҳозирги кунда ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд захираларни асраб-авайлаш глобал аҳамият касб этмоқда, — дейди Швейцария элчихонаси миссияси раҳбари, Сув ва табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича маслаҳатчи Терри Умбер. — Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун барча бирдек ҳаракат қилмоғи керак. Чунки табиат неъматларини келгуси авлодга безавол етказишга ҳаммамиз масъулмиз. 

Икки кун давом этадиган конференция иштирокчилари шуъбаларга бўлинган ҳолда, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда сув тақчил ва трансчегаравий ҳудудларда замонавий бошқарувни жорий қилиш, сув хўжалиги тизими учун менежерлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишлари — сув хўжалиги бошқарувида иқтисодий самарадорликни таъминлашнинг янгича ёндашув ва тамойиллари, ерларнинг мелиоратив ҳолатини, суғориш тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш ҳамда унга тежамкор технологияларни жорий этиш каби қатор масалаларни муҳокама қилишади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn