Юртимизда электрон чиқиндиларни қабул қилиш жараёни бошланди
  • 12 Апрель 2017

Юртимизда электрон чиқиндиларни қабул қилиш жараёни бошланди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, рангли металл парчаларини йиғиш, топшириш ва электрон чиқиндиларни утилизация қилиш мавзуида семинар бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, молия-кредит ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад иштирокчиларга мамлакатимизда қаттиқ маиший чиқиндилар, шу жумладан, фойдаланиб бўлинган электрон жиҳозларни қайта ишлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, мазкур йўналишдаги мавжуд муаммолар ечими ва янги ташаббуслар тўғрисида атрофлича маълумот беришдан иборатдир. Бинобарин, ҳозирги кунда ҳажми тез суръатлар билан кўпайиб бораётган чиқиндиларни тўғри бошқариш орқали атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бунда яроқлилик муддати ўтган маиший ва рангли металл чиқиндиларини утилизация қилиш, айниқса, долзарб аҳамиятга эга.

Маълумотларга кўра, юртимизда йилига ўртача 5 миллион тоннага яқин қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади. Ҳозирги пайтда шундан 14 фоиздан зиёди соҳага ихтисослаштирилган 317 та корхона томонидан қайта ишланаяпти, холос. 

Мазкур йўналишдаги юмушларни жадаллаштириш, соҳага илғор ғояларни татбиқ қилишда 2016 — 2020 йилларга мўлжалланган махсус дастур муҳим омил бўлмоқда. Чунки унда электрон ва рангли металл чиқиндиларни самарали бош-қариш тизимини ташкил этиш бўйича ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган чиқиндиларни қабул қилиш пунктларини очиш, ижтимоий-иқтисодий акциялар ўтказиш, ахборий-маърифий йўналишларни қамраб олган бир қатор лойиҳаларни рўёбга чиқариш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ушбу дастур доирасида изчил ишлар бажарилмоқда. Бунга қўмита кўмаги билан “Тошрангметзавод” акциядорлик жамиятининг инновациявий ташаббуси — “Toshrangmetzavod Recycling” масъулияти чекланган жамиятининг ишга туширилишини мисол сифатида келтириш мумкин. Унинг асосий фаолияти жисмоний ва юридик шахслардан электрон чиқиндиларни йиғиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ҳамда бу борада республикамиз бўйлаб инфратузилмани яратишга қаратилгандир. 

Анжуманда 11 апрелдан эътиборан “Табиатга имкон беринг” шиори остида юртимизнинг барча ташкилот ва компания-ларидан ҳамда аҳолидан электрон чиқиндиларни қабул қилиш жараёни бошлангани айтиб ўтилди. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, электрон чиқиндиларнинг назоратсиз қолиши қўшимча иқтисодий, экологик харажатларни келтириб чиқаради. Яъни оддий кўринган эски ва яроқсиз электрон чиқиндиларда инсон саломатлиги учун хавфли бўлган симоб, қўрғошин, кадмий, бериллий, барий, литий каби кимёвий моддалар мавжуд. Қолаверса, электрон чиқиндилар иккиламчи хом ашё сифатида янги маҳсулотларни тайёрлашда ҳам қимматбаҳо ресурс саналади. 

Тадбирда, шунингдек, қўмита томонидан ташкил этилаётган “Экологик тоза корхона” анъанавий республика кўрик-танлови тақдимоти ўтказилиб, корхона ва ташкилотлар билан “Тошрангметзавод” АЖ ўртасида электрон чиқиндиларни йиғиш ҳамда топшириш бўйича ҳамкорлик юзасидан шартномалар имзоланди.

Д. ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn