Ўзбекистон: манфаатли алоқалар ва сармоялар учун имкониятлар
  • 11 Апрель 2017

Ўзбекистон: манфаатли алоқалар ва сармоялар учун имкониятлар

Барселонада “Ўзбекистон: иқтисодий ҳамкорлик ва сармоялар учун имкониятлар” мавзуига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси ҳамда Каталония корхоналари конфедерацияси томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, 1771 йилда асос солинган Каталония корхоналари конфедерацияси (Foment del Treball Nacional) Испания ва Европадаги энг кўҳна хусусий тадбиркорлик корхоналари палатаси ҳисобланади. Каталония компанияларининг хорижий шериклар билан тадбиркорлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бундай муносабатлар кўламларини кенгайтириш юзасидан ташаббус кўрсатиш унинг фаолиятидаги асосий йўналишлардан биридир.  

Испаниянинг турли соҳаларга ихтисослаштирилган компаниялари раҳбарлари ҳамда вакиллари мазкур конференциянинг иштирокчилари бўлишди. Улар Ўзбекистонда иқтисодиётни янада модернизациялаш ҳамда либераллаштириш, хорижлик сармоядорлар фаолияти учун шароитларни яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишдилар.

Конференция чоғида мамлакатимиздаги етти эркин иқтисодий зонада лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, жумладан, кимё, тўқимачилик, фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, углеводород хом ашёси, рангли ва камёб металлар, озиқ-овқат ҳамда тери маҳсулотларини қайта ишлаш сингари устувор йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари қизғин муҳокама этилди.

Каталония корхоналари конфедерацияси раисининг ўринбосари Жоан Каналс -“Жаҳон” ахборот агентлиги учун берган интервьюсида испаниялик тадбиркорларда ўзбек бозорига нисбатан қизиқиш тобора ортиб бораётганини маълум қилди. 

— Биз Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз, — деди у. — Улкан салоҳиятга эга бўлган мамлакатингиз тарихан қисқа давр оралиғида юқори ўсиш кўрсаткичларига эришди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодиётни янада модернизациялаш, изчил ўсиб бораётган ўзбек бозорига ноу-хауни ҳамда хорижий сармояларни жалб этишга йўналтирилган ташаббусларини юксак баҳолаймиз.

Ўйлайманки, ушбу конференция Испания компаниялари вакилларига ўзбек ҳамкасб-лари билан ўзаро амалий алоқаларни ўрнатиш ҳамда келажакка мўлжалланган режаларни белгилаб олиш нуқтаи назаридан жуда яхши имконият яратди. 

“BTEXTIL SL” компанияси менежери Валенти Бауленас ҳам ўз корхонаси ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини айтди.  

— Республикангизда ишлаб чиқариладиган юқори сифатли газмолларга Европа бозорида, шу жумладан, Испанияда талаб каттадир, —  деди у. — Ўз навбатида, бизнинг мамлакатимиз пахтани қайта ишлаш ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бой тажриба ва замонавий технологияларга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз Ўзбекистондан матолар келтиришни йўлга қўйиш ниятидамиз.

«Жаҳон» АА.

Мадрид

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn