Технологик янгиланиш ва экспорт салоҳияти
  • 08 Апрель 2017

Технологик янгиланиш ва экспорт салоҳияти

Ҳозирги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланган  енгил саноат соҳаси нафақат шаҳару туман марказлари, балки олис қишлоқларимизда ҳам жадал ривожланмоқда. Бу, албатта, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий топиши, ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишида муҳим омил бўлаётир. Хусусан, бундай истиқболли корхоналар сони Сирдарё вилоятида ҳам йил сайин кўпайиб бораяпти.

Бунга Оқолтин туманидаги “Сардоба текстиль” ҳамда Боёвут туманининг Мингчинор қишлоғидаги “Бунёдкор-универсал-текстиль” масъулияти чекланган жамиятларини мисол қилиб келтириш мумкин. Бинобарин, айни пайтда Сайхунобод, Боёвут, Гулистон, Сардоба, Мирзаобод туманларида ҳам замонавий технологиялар асосида фаолият кўрсатадиган енгил саноат субъектларини ташкил этиш бўйича бир нечта истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани эътиборга молик.

Яна бир қувонарли жиҳати, тармоқда экспорт кўрсаткичи ҳам тобора ортмоқда. Буни Гулистон шаҳридаги “Гул-рен-текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар тўлиқ ташқи бозорга чиқарилаётгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Негаки, корхонада амалга оширилаётган техник ва технологик янгиланишлар туфайли трикотаж ашёлар буюртмачилар талабига мос ҳолда ишлаб чиқарилаяпти. Чунончи, кийимларга гул босиш цехига ўрнатилган 21 минг АҚШ долларилик ускуна ва жиҳозлар шарофати билан маҳсулотлар сифати янада яхшиланиб, рақобатдошлиги ошганини биргина жорий йилнинг ўтган даврида экспорт кўрсаткичи 880 минг АҚШ долларини ташкил этаётганида ҳам кўриш мумкин.

— Ўтган йили хорижлик ҳамкорларимизнинг 1 миллион 672 минг АҚШ долларилик буюртмаларини бажарган бўлсак, бу йилги мўлжалимиз мазкур кўрсаткични камида икки баробар оширишдан иборат, — дейди масъулияти чекланган жамият раҳбари Алижон Эрматов. — Бунинг учун имкониятларимиз етарли. Энг муҳими, корхонамиз цехлари сўнгги русумдаги тикувчилик дастгоҳлари билан жиҳозланган. Қолаверса, сифат назоратчиларимиз ҳамда бошқа техник усталаримиз соҳада бўлаётган ўзгаришу янгиликлардан мунтазам хабардор қилиб борилади. Яъни мутахассисларимиз малакасини тизимли равишда ошириб боришни қатъий йўлга қўйганимиз ҳам маҳсулотларимизнинг экспортбоплигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn