Замонавий корхоналар, рақобатдош маҳсулотлар саноат салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга
  • 05 Апрель 2017

Замонавий корхоналар, рақобатдош маҳсулотлар саноат салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга

Ўзбекистонда саноат истиқболини белгилаб берадиган соҳаларнинг жадал тараққий топиб бораётгани ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш имконини яратаяпти. Зеро, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳаётга татбиқ қилинаётган иқтисодий ислоҳотлар замирида, энг аввало, мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, тармоқлар рақобатдошлигини юксалтиришдек улкан мақсадлар мужассам. 

Пировардида чекка ҳудудларда ҳам замонавий корхоналар барпо этилиб, уларда экспортга мўлжалланган янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилаётир. Чарм-пойабзал тармоғида қўлга киритилаётган ютуқлар бунга яққол мисол бўла олади.

Дарҳақиқат, мазкур жабҳа кейинги йилларда тараққиётга юз тутиб, тизим корхоналари маҳсулотлари ташқи бозорда ҳам мустаҳкам жой эгалламоқда. Ўтган йили 115 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиёти бажарилгани, унинг таркибида тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар улуши кўпайгани бунга асос бўла олади.

Пойтахтимизда иш бошлаган “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар — 2017” олтинчи халқаро кўргазма-ярмаркасида саноатнинг ушбу тармоғидаги муваффақиятлар кенг намойиш қилинмоқда.

Унинг очилиш маросимида таъкидланганидек, юртимизда соҳани ривожлантириш имконияти ниҳоятда юқори. Чунки муҳим хом ашё сероблиги баробарида, қулай ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳити яратилган. Бу эса чет эл сармояси иштирокида терини чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган илғор корхоналар очилишида рағбатлантирувчи омил бўлмоқда. Хусусан, жорий йилда Инвестиция дастури доирасида соҳага 94 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган.

Кўргазма айни шу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Яъни у республикамизда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг тармоқлараро кооперациясини ривожлантириш, чет эл компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Шу боис ушбу форумга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораяпти. “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар кўмагида ташкил этилган бу галги тадбирда 

100 дан ортиқ маҳаллий ҳамда хорижий компанияларнинг 2500 дан зиёд маҳсулотлари намуналари, соҳа учун зарур асбоб-ускуналар, иккиламчи хом ашёлар кенг намойиш қилинмоқда.

— Юртингизга келиб, чарм-пойабзал саноати жадал ривожланаётганининг гувоҳи бўлдим, — дейди Туркиянинг “Ege Taban” компанияси вакили Сонер Эргюл. — Кўргазмага қўйилган пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари биз, соҳа вакилларига ҳар томонлама ёқди. Чет эллик инвесторлар учун максимал -даражада қулайлик яратилгани эса ўз бизнес фаолиятимизни Ўзбекистон билан боғлаш, -юртингиз ишбилармонлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга ундамоқда.

Терига чуқур ишлов бериш, пойабзаллар учун тагчарм ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган компаниямиз соҳада 30 йилдан буён фаолият юритаяпти. Шу давр мобайнида амалиётга илғор технологиялар жорий этилиб, буюртмачиларга бугунги замон талабларига мос маҳсулотлар етказиб берилаётир. Бугун ўзаро тажриба алмашиб, кўплаб тадбиркорлик субъектлари билан музокаралар олиб бораяпмиз. Бу эса амалий ишларга кенг йўл очади, деган умиддамиз.

Маълумотларга қараганда, республикамизда 520 миллион квадрат дециметр чарм, 24 миллионга яқин пойабзал, 11,5 миллиард сўмликдан ортиқ чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати мавжуд. Бу кўрсаткичга эришилишида 2016 йилда 130 дан зиёд лойиҳа ҳаётга татбиқ қилиниб, 85 та ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилгани, яна кўплаб хўжалик юритувчи субъектлар модернизациялаштирилгани муҳим омил бўлди.

Кўргазма залларини айланар экансиз, мамлакатимизда терини қайта ишлаш, чармдан пойабзал ҳамда атторлик буюмлари ишлаб чиқариш соҳаси ривожида янги давр бошланганига гувоҳ бўласиз. Негаки, намойишга қўйилган чарм асосидаги кийим-кечаклар, уй-рўзғор буюмлари, тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар юқори сифати, бежирим дизайни билан ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Масалан, мўйнасига таъсир кўрсатмасдан терига ишлов бериш технологияси биз учун энди янгилик эмас. -Мебелсозлик тармоғида талаб катта бўлган бундай маҳсулотлар кўплаб кичик бизнес субъектлари томонидан таклиф этилмоқда.

Самарқанддаги “Amir Ul Bahr VMG” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган махсус оёқ кийимлар чет эллик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Сабаби, табиий чармдан тайёрланадиган бу пойабзаллар ташқи таъсирларга ўта чидамли бўлиб, саноат корхоналари ишчи-хизматчиларининг меҳнат муҳофазасини таъминлашда қўл келади. Андижонда фаолият кўрсатаётган “Mini Teks” корхонаси маҳсулотлари эса импорт ўрнини босувчи эканлиги билан аҳамиятлидир.

— Ҳозирги пайтгача корхонамизда 50 турдаги спорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди, — дейди ушбу корхона иш бошқарувчиси Лазизбек Бакиров. — Футбол, волейбол, қўл тўпи учун коптоклар, бокс қўлқоплари, махсус гиламлар шулар жумласидандир. Уларнинг сифати юқорилиги боис ички бозорда талаб тобора ортиб бораяпти. Мисол учун, ўтган йили буюртмачиларга 5 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилди. Бугунги кўргазманинг биринчи кунидаёқ 10 га яқин маҳаллий буюртмачилар билан шартномалар тузишдан ташқари, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан келган ишбилармонлар билан музокаралар ўтказдик. Унинг натижаларига кўра, маҳсулотларимизни мазкур мамлакатларга экспорт қиламиз.

Уч кун давом этадиган халқаро кўргазма-ярмарка ана шундай ишчан кайфиятда ўтмоқда. Унинг якунларига мувофиқ, 3 миллион АҚШ долларилик тайёр маҳсулотлар экспорт қилиш, шунингдек, 50 миллиард сўмлик хом ашё ҳамда яримтайёр чарм маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланиши кутилаяпти.

Кўргазма доирасида янги маҳсулотларнинг тақдимотлари, маҳорат дарслари, шунингдек, энг яхши маҳсулотлар танлови ўтказилиши тадбирнинг янада самарали кечишига хизмат қилади, албатта.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З. Мирзаев сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ ва 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn