Замонавий технологиялар, инновацион ишланмалар
  • 31 Март 2017

Замонавий технологиялар, инновацион ишланмалар

пойтахтимизда бўлиб ўтаётган халқаро кўргазмаларда кенг намойиш этилмоқда

“Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Озиқ-овқат саноати — WorldFood Uzbekistan — 2017” ҳамда “Қишлоқ хўжалиги — AgroWorld Uzbekistan — 2017” халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда.

Бугунги кунда юртимиз аҳолисининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжлари тўлиқ таъминланиши баробарида, турфа хилдаги ноз-неъматлар катта ҳажмда экспорт ҳам қилинмоқда. Бу иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, унинг етакчи соҳалари ҳисобланган қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноатини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар самарасидир.

Дарҳақиқат, фермерлик ва тадбиркорлик ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, амалиётга интенсив агротех-нологиялар, инновацион ишланмалар изчил татбиқ этилаётгани туфайли маҳсулот етиштириш миқдори ортиб, саноат тармоқлари тобора тараққий топмоқда. 2016 йил якунларига кўра, қишлоқ хўжалиги ва саноатда ўсиш суръати 6,6 фоизни ташкил қилгани бунинг яққол далилидир.

Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, қўлга киритилаётган бундай муваффақиятлар чет эллик сармоядорлар, йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш компанияларининг юртимизга бўлган қизиқишини тобора оширмоқда. Саноат форумларининг бирлашган экспозициясида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан ташқари, дунёнинг 32 мамлакатидан 232 та компания қатнашаётгани бунга асос бўла олади.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзвиносаноат-холдинг” холдинг компаниялари, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “ITE Uzbekistan” компанияси томонидан ташкил этилган кўргазмалардан кўзланган асосий мақсад ҳам юртимиз ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлар топиш, амалиётга илғор технологияларни кенг татбиқ қилишга амалий ёрдам беришдир.

— Ушбу кўргазма юртимиз корхоналари учун ташқи бозорларга янги йўлаклар очилишига хизмат қилаяпти, — дейди Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Sladus Produce” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдусамат Абдуғаниев. — Масалан, бизнинг корхонамиз унда мунтазам қатнашиб, экспортни йўлга қўйди. Биргина 2016 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия давлатлари компаниялари билан шартномалар имзолаб, ойига ўртача 100 минг АҚШ долларилик қандолат маҳсулотлари етказиб бераяпмиз. Энди Европа давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатишни мақсад қилиб қўйганмиз.

Кўргазма залларида нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, балки мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш линиялари, новвойхоналар, қандолатчилик корхоналари учун илғор ускуна ҳамда технологиялар кенг намойиш қилинмоқда. 

Намойиш залларида замонавий совитиш омборлари учун инновацион ечимларга ҳам кенг ўрин берилган. Уларга саноат вакиллари, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари катта қизиқиш билдиришмоқда. 

— Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳасида улкан салоҳиятга эга мамлакат, — дейди “Celtic Cooling” компаниясининг (Голландия) МДҲ бўйича бош директори Марко Хогевен. — Айниқса, кейинги йилларда маҳсулот етиштириш ҳажмининг ортиб бораётгани туфайли кўплаб янги омборхоналар бунёд этилаяпти. Бу жараёнда бизнинг компаниямиз ҳам фаол иштирок этиб, Тошкент шаҳри, Сурхондарё вилояти ва бошқа ҳудудларда бир нечта лойиҳаларни амалга оширди. Бу галги кўргазмадан ҳам умидимиз катта. 

“Қишлоқ хўжалиги — AgroWorld Uzbekistan — 2017” халқаро кўргазмаси ҳам гавжум. Чунки унда юртимиз ва хорижлик ишлаб чиқарувчиларнинг энг сўнгги ютуқлари намойиш қилинаяпти. Мисол учун, очиқ майдонларда ер ҳайдаш, экинга ишлов бериш техникалари жой эгаллаган бўлса, павильонларда деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик тармоқлари учун ускуналар, иссиқхона жиҳозлари, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимлари, уруғлик, ветеринария маҳсулотлари тақдим этилаяпти. 

Шу билан бирга, паррандачилик тармоғига ҳам кенг ўрин берилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки юртимизда қишлоқ хўжалигининг мазкур сердаромад тармоғи жадал суръатларда ривожланиб, парранда боқиш, озиқлантириш, парҳез гўштни  қайта ишлаш технологияларига талаб ортмоқда. 

Анъанага мувофиқ, кўргазманинг иккинчи куни “Фермерлар куни” деб эълон қилинди. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши кўмагида ўтказилган бу кунги тадбирларда қишлоқ хўжалиги ходимларига янги маҳсулот ва хизматлар билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш, бизнес мулоқотлар ўтказиш учун барча шарт-шароит яратиб берилди. Улар, шунингдек, кўргазма доирасида “Мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича технологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги” мавзуидаги форумда ҳам қатнашиш имконига эга бўлдилар. 

Халқаро кўргазмалар бугун ўз ниҳоясига етади.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

С. ЎРМОНОВ (ЎзА),

Ш. ШАРАПОВ («Халқ сўзи») олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn