Ишлаб чиқариш кластери инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичидир
  • 28 Март 2017

Ишлаб чиқариш кластери инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичидир

Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит яратилиб, чет эллик сармоядорлар ҳуқуқларининг қонуний кафолати мустаҳкамлангани, уларга қўшимча имтиёзлар берилаётгани ишбилармон доиралар фаолиятини рағбатлантирувчи омил бўлмоқда.

Кейинги йилларда олиб борилаётган ана шундай оқилона ислоҳотлар самараси ўлароқ, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик таъминланаяптики, бу, ўз навбатида, хорижлик инвесторларнинг қизиқишини янада кучайтирмоқда. Натижада дунёга машҳур кўплаб йирик компанияларнинг инвестиявий фаолияти кенгайиб, иқтисодиётнинг турли соҳаларида самарали иш олиб бораётир.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Бухоро вилоятига буюрган ташрифи республика аҳолиси учун муҳим воқеа бўлиб, одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади, эзгу саъй-ҳаракатларга шижоат -бағишлади.

Айтиш жоизки, бошқа ҳудудларда бўлгани каби кейинги йилларда ушбу вилоятда ҳам қатор истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Улар 2017 — 2021 йилларда Ўзбе-кистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига биноан ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани билан аҳамиятлидир. Стратегияда, жумладан, таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, етакчи тармоқларни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш вазифалари белгилаб берилган. 

Маълумки, Ўзбекистон саноати салоҳиятини юксалтиришда тўқимачилик соҳаси алоҳида ўрин эгаллайди. Президентнинг ўтган йил 21 декабрдаги “2017 — 2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори тармоқ  ривожида янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда, замонавий корхоналарни барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилаяпти.

Бухоро шаҳрида ишга туширилаётган  “Бухоро коттон текстиль” қўшма корхонаси ана шундай илғор ишлаб чиқариш объектларидан биридир. Эътиборлиси, инвесторлар — “Paraglide Ltd” (Буюк Британия) ва “Компания Петромаруз” (Россия) компаниялари мазкур лойиҳа доирасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб оладиган пахта-тўқимачилик кластери ташкил этиш юзасидан амалий тадбирларга киришган.

Табиий савол туғилади: пахта-тўқимачилик кластери нима дегани? Бу ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуи бўлиб, у илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, янги технологияларни амалиётга жадал жорий этиш имконини беради. Пировардида хом ашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади. Кластерни яратиш эса олим ва  иқтисодчилар, қишлоқ хўжалиги ҳамда саноат ходимлари салоҳияти, илғор тажрибасини ягона мақсад йўлида бирлаштиришни тақозо қилади. Шу боис янги лойиҳани ишлаб чиқишда ўзбекистонлик олимлар, илмий-тадқиқот марказлари ходимлари, мутахассислар ва тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, шу ернинг ўзида илмий-техник кенгаш, илмий марказ ва кадрлар тайёрлаш бўйича кенгаш тузиш белгилаб олинди. 

Кластерни ташкил этиш учун 123,1 миллион АҚШ долларилик инвестиция йўналтирилади. Ушбу маблағ эвазига мавжуд қувватлар модернизация қилиниб, қўшимча равишда йигирув, тўқув ҳамда тикув-трикотаж линиялари ўрнатилади. Натижада ички ва ташқи бозорга 6,5 минг тонна калава ип, 10 минг квадрат метр жинси мато ҳамда 1,5 миллион дона кийим-кечак етказиб берилади. 

Лойиҳа билан танишган Шавкат Мирзиёев етиштирилган пахтани тола кўринишида сотиш энг кам даромад келтиришини, пахта толасини қайта ишлаб, экспортбоп тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Лойиҳани такомиллаштириш ва муваффақиятли амалга ошириш бўйича қимматли кўрсатмалар берди.  

Лойиҳанинг яна бир янгилиги шундаки, тўқимачилик корхоналари учун саноатбоп хом ашё томчилатиб суғориладиган экин майдонларида етиштирилади. Кластер ҳудудида ёғ-мой заводи қурилиб, чигитни қайта ишлаш ҳисобига олинган ёғ истеъмолчиларга жўнатилса, кунжара ҳамда шулха шу ернинг ўзида ташкил этиладиган чорвачилик мажмуида парваришланадиган 10 минг бошдан зиёд қорамоллар учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Бундан ташқари, чорва учун гидропоника усулида қўшимча озуқа экинлари етиштириш йўлга қўйилади. Ўз навбатида, ферма ва ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган органик чиқиндилар келгусида бунёд этиладиган 20 гектарли иссиқхонани иситиш манбаи бўлган биогаз ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Кўриниб турибдики, мазкур йирик бизнес-лойиҳа тўлиқ циклни қамраб олган. Ундаги ҳар бир тузилманинг фаолияти тайёр маҳсулот олишга қаратилган. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа беш йилда ўзини оқлайди. Кластердаги барча қувват фойдаланишга туширилгач, 3,5 мингта доимий иш жойи яратилиб, уларга, асосан, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари қабул қилинади. 

Илм-фан янгиликлари, инновацион ишланма ва илғор технологиялар амалиётга кенг жорий этиладиган мажмуада ялпи ишлаб чиқариш ҳажми 460 миллиард сўмга, экспорт салоҳияти эса 50 миллион АҚШ долларига етказилади.  

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, яратиладиган кластер инновацияга кўмаклашувчи муҳим восита бўлиб, Бухоро вилояти иқтисодиётининг рақобатдошлигини ошириш ҳамда замонавий корхоналарнинг кўпайишига мустаҳкам замин яратади. Пировардида қўшимча қийматга эса саноат маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми ортиб, экспорт салмоғи кўпаяди, шунингдек, ишлаб чиқариш ва савдо муносабатлари такомиллашуви ҳисобига катта иқтисодий самара келтиради.

Муртазо РАҲМАТОВ,

«Компания Петромаруз» (Россия) директорлар кенгаши раиси,

иқтисод фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn