Савдо-иқтисодий алоқалар янада кенгаяди
  • 25 Март 2017

Савдо-иқтисодий алоқалар янада кенгаяди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо, нефть-кимё, кончилик, машинасозлик саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларига масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, кичик қўмита ҳамраиси Э. ўаниев Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий шерикларидан бири эканлиги, давлатларимиз ўртасидаги тенг манфаатли алоқалар барча йўналишда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилаётгани савдо-инвестициявий алоқалар янада кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. Натижада кўплаб қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Бунга биргина “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилгани яққол мисол бўла олади. 

Бугунги кунда юртимизда хитойлик инвесторлар иштирокида 704 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 90 га яқини тўлиқ чет эл сармояси ҳисобига ташкил этилган. Ўз навбатида, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсмоқда. 2016 йил якунларига кўра, бу борадаги кўрсаткич 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 

Мажлисдан кўзланган мақсад Пекин шаҳрида бўлиб ўтган тўртинчи йиғилишда эришилган натижалар, икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, келгусида амалга ошириш кўзда тутилган истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишдир.

— Ўзбекистонда иқтисодиётни диверсификациялаш, саноатни модернизация қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди Хитой Халқ Республикаси тижорат вазири ўринбосари, кичик қўмита ҳамраиси Фан Айцин. — Ушбу жараёнда, айниқса, чет эллик инвесторларга қўшимча имтиёзлар тақдим этиш, қулай сармоявий муҳит яратиб беришга устувор аҳамият қаратилаётгани хитойлик ишбилармонларнинг қизиқишини янада кучайтирмоқда. Бу галги йиғилишда 24 та компания раҳбарлари қатнашаётгани ана шундан далолат беради. Улар нефть-газ, кимё,  ёқилғи-энергетика, транспорт ва телекоммуникация каби иқтисодиётнинг етакчи соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида.

Чет эллик мутахассисларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ қилинаётган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси,  саноат тармоқларида эришилаётган ютуқлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларига тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Ўз навбатида, улар юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолар экан, айниқса, эркин иқтисодий зоналардаги шарт-шароитлар катта қизиқиш уйғотганини мамнуният билан изҳор қилишди. 

Томонлар савдо-сармоявий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, нефть-газ, ёқилғи-энергетика, кимё, машинасозлик саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтириш, биргаликда ўзаро фойдали сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Хитой делегацияси аъзолари турли вазирлик ва идораларда ҳам музокаралар ўтказди.

Саид РАҲМОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn