Балиқчиликда вьетнам тажрибаси
  • 25 Март 2017

Балиқчиликда вьетнам тажрибаси

тармоқда самарадорликни беш баробар ошириш имконини беради

Бугунги давр барча соҳа олдига янгидан-янги талабларни қўймоқда. Зеро, мавжуд имкониятлар доирасида чекланиб қолмасдан, замон билан ҳамнафас иш юритиш муваффақиятлар эшигини кенг очиб беради. Айниқса, уммонлардан олисда жойлашган юртимизда балиқчиликни ривожлантириш учун интенсив технологияларни қўллаш, маҳсулот етиштиришнинг муқобил манбаларини қидириб топиш долзарб саналади. Шубҳасиз, бунда хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, илм-фан ютуқлари ва инновацион янгиликларга суяниш орқали кутилган натижага эришиш мумкин.

Вьетнам тажрибаси ана шундай истиқболли йўналишлар сирасига киради. Соҳа мутахассисларининг айтишича, унинг -амалиётга кенг татбиқ этилиши тармоқда самарадорликни беш баробар ошириш имконини берар экан. 

Президентимиз яқинда Хоразм вилоятига қилган сафари чоғида Хива туманидаги “Болтабой оқсоқол” фермер хўжалиги мисолида балиқчиликда Вьетнам тажрибасини қўллаш орқали парҳез маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш юзасидан вазифалар белгилаб берди. 

— Балиқчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигимиз тасарруфида айни пайтда 232 гектар сув ҳавзаси бор, — дейди “Болтабой оқсоқол” фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдарбек Оллаберганов. — Ўтган йили 490 тонна балиқ овлаб, халқимиз дастурхонига етказиб бердик. Фаолиятимизни таҳлил қилиб, бугунги натижалар имкониятимиз даражасида эмаслигига амин бўлдик. Шу боис самарадорликни ошириш мақсадида истиқболли лойиҳалар устида амалий ишларни бошлаб юбордик. Яъни Вьетнам тажрибаси асосида янги балиқчилик комплекси фаолиятини йўлга қўймоқчимиз. Бунинг ҳисобига 20 та иш ўрни яратилиб, қўшимча равишда 300 тоннадан ортиқ балиқ овланади. 

Очиғи, яқин-яқингача мамлакатимизда балиқчилик тармоғи истиқболига шубҳа билан қарайдиганлар кам эмасди. Улар билан суҳбатлашсангиз, ўз фикрини Орол денгизи муаммоси билан исботлашга уринар эди. Эҳтимол, сиртдан қараганда, манзара шундай туюлар. Аммо денгизнинг чекиниши “Тармоқ йўқликка юз тутди”, дегани эмас. Республикамизда тармоқни ривожлантириш учун етарли ҳажмда сув ресурслари мавжуд. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, балиқчилик хўжалигини юритиш мумкин бўлган сув ҳавзаларининг умумий сатҳи қарийб 400 минг гектарни ташкил қилади. Қолаверса, ҳар йили кўплаб сунъий ҳавзалар барпо этилаётгани соҳа вакилларига қўшимча имкониятларни тақдим қилаяпти.  

Дарҳақиқат, дунё тажрибасидан маълумки, балиқчилик саноатининг ривожида сунъий ҳавзалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Сабаби, истеъмол учун етказиб берилаётган балиқ ва денгиз маҳсулотларининг асосий қисми уларнинг улушига тўғри келади. Масалан, мазкур тармоқ тараққий этган Вьетнам давлатини олайлик. Вьетнам балиқчилик ассоциацияси маълумотларига қараганда, 2016 йилда 6,6 миллион тонна балиқ овланган бўлса, шундан 3,8 миллион тоннаси турли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан интенсив усулда етиштирилган. Уларнинг балиқ экспортидаги ҳиссаси эса 65 фоизни ташкил этиши эътиборга молик жиҳатдир.

— Давлатимиз раҳбари томонидан илғор технологиялар асосида балиқ етиштиришни кўпайтириш ҳамда қайта ишлашни йўлга қўйиш борасида Вьетнам тажрибасини ўрганиш бўйича белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон делегацияси ушбу давлатда бўлиб қайтди, — дейди Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станцияси директори Руҳилло Қурбонов. — Сафар давомида балиқчилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кўп йиллар давомида шаклланган бой тажриба билан яқиндан танишдик. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Вьетнам географик жойлашувига кўра, сув ресурсларига жуда бой: мавжуд кўлларнинг умумий майдони 1,7 миллион гектарни ташкил этади. Шундай бўлса-да, балиқ етиштиришда сунъий ҳавзалардан ўринли фойдаланилади. Бугунги кунда бундай ҳавзалар 300 — 400 минг гектарга етказилди. Мазкур мамлакат ихтиофаунасида 1000 га яқин балиқ турлари учрайди. Аммо 30 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахс мақомидаги балиқчилик хўжаликларида ташқи бозорда талаб катта бўлган турлар парваришланади. Осиё лаққаси харидоргир балиқлар сирасига киради. 

Осиё лаққасини етиштириш, таъбир жоиз бўлса,  саноатнинг йирик тармоғига айланган. Ҳозирги пайтда дунё бўйича етказиб берилаётган мазкур турдаги балиқларнинг тенг ярми ушбу мамлакат улушига тўғри келаётгани шундай дейишимизга асос бўла олади. Осиё лаққаси ва бошқа харидоргир балиқлар мавжуд 600 та заводда қайта ишланиб, жаҳоннинг ўнлаб давлатларига етказиб берилаяпти. 2016 йил якунларига кўра, экспорт ҳажми 7,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 

Вьетнам балиқчилик тармоғида хусусийлаштириш йўлга қўйилган бўлиб, шу жиҳати республикамиздаги хўжалик юритиш тизими билан ўхшаш. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, тармоқда бозор муносабатларига асосланган янги тизим шакллантирилган. Яъни мавжуд табиий ва сунъий сув ҳавзалари хусусийлаштирилиб, тармоқда балиқчилик корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари самарали фаолият юритаяпти. Уларда балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш, аҳолининг унга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, ҳавзалар маҳсулдорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётир. 

— Юртимизда Вьетнам  тажрибаси жорий этилаётгани бежиз эмас, — дейди Р. Қурбонов. — Чунки унинг афзалликлари жуда кўп. У увулдириқларни интенсив усулда етиштириш ҳамда ҳавзаларга юқори тиғизликда ўтказишга ихтисослаштирилганки, натижада балиқларнинг омихта ем сарфига нисбатан ривожланиш суръати юқорилигига эришилади. Яна бир муҳим жиҳати, салбий гидрокимёвий ҳолатлар ва касалликларга чидамлилиги таъминланади. Энг асосийси, ҳавзаларнинг маҳсулдорлиги ниҳоятда катта. Агар анъанавий усулда балиқ парваришланган бир гектарлик ҳавзадан ўртача 15 — 20 центнер балиқ олинса, Вьетнам тажрибаси самарасида бу кўрсаткични мамлакатимиз шароитида 80 — 100 центнергача етказиш мумкин.

Бугунги кунда нафақат Хоразм вилоятида, балки юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ушбу интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаяпти. Уларда ички ва ташқи бозорда ўта харидоргир бўлган Осиё ҳамда Африка лаққаси, зоғорабалиқ парваришлаш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.  

Қишлоқ хўжалигининг мазкур муҳим тармоғидаги бундай янгиланишлар тез орада юксак самаралар бериб, мамлакатимиз аҳолисини балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси кескин ошишига мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn