Изланиш ва изчил фаолият
  • 30 Апрель 2014

Изланиш ва изчил фаолият

саноат корхоналарида сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришнинг муҳим омилидир

Кейинги йилларда Хоразм вилояти иқтисодиётида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бунда, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳиссаси катта эканлиги қувонарлидир. Бинобарин, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 73,8 фоизи, иш билан банд аҳолининг қарийб 80 фоизи айни пайтда ҳудудда фаолият кўрсатаётган 10 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари улушига тўғри келаяпти.

Албатта, бундай ижобий натижага эришишда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратилиб, уларга ажратилаётган кредитлар салмоғи тобора ортиб бораётгани муҳим омил бўлмоқда. Ўтган йили тижорат банкларининг 279,5 миллиард сўмлик маблағи мазкур соҳа ривожи учун йўналтирилгани фикримиз тасдиғидир. 

Урганч туманидаги “Afri” хусусий корхонаси ҳам мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланиб, самарали фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади. Яхна ичимликлар, газланган ва газланмаган тоза ичимлик сувлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ушбу корхонада 2012 йилда 2 миллиард 803 миллион сўмликдан ортиқ 10 турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, ўтган йили мазкур кўрсаткич 4 миллиард 356 миллион сўмликдан ошди. Шу билан бирга, корхона жамоаси Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 400 га яқин савдо корхоналари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, корхонада маҳсулотларни  истеъмолчиларга бепул етказиб бериш хизматининг йўлга қўйилгани ҳам мижозлар сафини кенгайтиришда муҳим омил бўлаяпти. Айтайлик, шу кунларда жамоанинг бу хизматидан 4 минг 129 та хонадон ҳамда ташкилотлар фойдаланмоқда.

Айтиш керакки, корхона жамоаси бундай муваффақиятга тинимсиз изланиш, ташаббус кўрсатиб меҳнат қилиш орқали эришаяпти. Бундан уч йил аввал замонавий технологик линия ўрнатилиши 120 минг дона пластмасса идишларни тайёрлаш учун мустаҳкам замин яратди.  

Бундан ташқари, шу кунларда жамоа ўз маҳсулотларини харидорларга етказиб беришнинг янги усулини татбиқ қилаётир. Гап шундаки, шаҳар ва туманларда корхона маҳсулотларини сотиш, тарқатиш офислари қурилиб, тайёр маҳсулотларни сифатли сақлаш учун махсус омборхоналар бунёд қилинди. Корхона раҳбари Илҳом Оллабергановнинг айтишича, ҳали бу ҳаммаси эмас. Улар яқин вақт ичида пластмасса идишлар учун қопқоқлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш ҳаракатида. Шу мақсадда хориждан 120 минг АҚШ долларилик замонавий ускуналар келтирилди. 

Бундан кўринадики, келгусида корхона фаолияти янада ривожланиб, қўшимча иш ўринлари яратилади. Уларнинг бу ташаббуси вилоят, қолаверса, республикамиз иқтисодиёти равнақига  муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, албатта. 

Ойбек РАҲИМОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn